Сўзимиз ширин бўлса…
Инсон сўзни фасоҳат ва балоғат билан айтмоғи зарур. Чунки биз ифодалаган сўзлар ҳаётимизда катта роль ўйнайди. Улар ҳамсуҳбатимизни ранжитади ё севинтиради, ғазаблантиради ё мамнун қилади, тушкунликка туширади ё рағбатлантиради, камситади ёки мақтайди, ишончини пасайтиради ёки умид уйғотади… Ҳосили калом, оғиздан чиққан ҳар бир сўз ҳавога изсиз сингиб кетмайди. Албатта, қайсидир қалбда сақланиб қолади.
Оила аъзоларимиз, қўшниларимиз, ҳамкасбларимиз, ҳамма-ҳамма билан чиройли муомала қилсак, жамиятда тинчлик, осойишталик, ҳамжиҳатлик баордавом бўлади. Бироқ ёмон гапирадиган бўлсак, шайтон орамизга кириб, барчамизни бир-биримизга қарши қилиб қўяди.
Бинобарин, Раббимиз кўплаб оятларда бандаларига ширинсиз бўлиши ҳақида таълимот берганини эслатиб ўтганидан маълум бўладики, Парвардигоримиз жамиятнинг тинчлиги, хотиржамлиги ва осойишталагини ширинсўзликка боғлаб қўйган.
“Эсланг, (Биз) Исроил авлодидан: “Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга ширинсўз бўлинг, намозни баркамол ўқинг, закот беринг”, деб аҳд олган эдик. Кейин (сиз, эй Исроил авлоди,) озчилик қисмингиздан бошқангиз (ушбу аҳддан) юз ўгирдингиз” (Бақара сураси, 83-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло ота-онага, қавму қариндошларга, етимларга, мискинларга яхши муомала қилишни амр қилган.
Ота-онага қилинган энг катта яхшилик – кўнглига ёқадиган гапларни айтишдир. Чунки уларнинг қайси биридан сўрасангиз ҳам фарзандларидан моддий неъматлар эмас, яхши гап эшитишни, бир пас ёнида ўтиришни исташини эшитасиз.
Қариндошлар ўртасидаги катта муаммоларнинг асосида сўзни нотўғри қўллаш ётади. Миш-миш, бўҳтон, ҳақорат, сўкиниш каби нобоп сўзлар қариндошлар орасини бузади, қардошлик ришталарини узади.
“Мерос тақсимига узоқ қариндошлар, етимлар ва мискин (бечора ҳол)лар ҳозир бўлсалар, уларни ҳам у (мерос)дан баҳраманд қилиб, уларга яхши гапирингиз!” (Нисо сураси, 8-оят).
Етим ва муҳтожлар жамиятнинг энг оғриқли тоифаси бўлиб, кўпинча энг қўпол муомалаларга дучор бўладилар. Чунки уларнинг ҳимоячиси йўқ. Шунинг учун айрим кимсалар уларга тап тортмасдан дағаллик қилаверади. Динимиз эса етим ва муҳтожларга чиройли муомала қилишни буюрган. Етимлиги ва муҳтожлиги уларни инсон сифатида эъзозлашга тўсиқ бўлмаслиги керак.
Бугунги жамиятимизнинг аҳволига назар солсак, кўпчилик одамлар ушбу тўрт тоифага нисбатан ўз мажбуриятларини бажара олмаётганига гувоҳ бўламиз. Раббимиз эса кимлигидан, ирқидан, қиёфасидан қатъи назар инсонларга ёқимли сўзлар билан мурожаат қилишни ижтимоий қонун сифатида жорий қилган. Ушбу қонундан ташқарига чиқилгани заҳоти ахлоқий таназзул бошланади. Унга амал қилинганда эса жамият қаддини ростлайди.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхши сўз садақадир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоят қилишган) деб таълим берганлар.
Ширин сўз инсоннинг иззатини орттиради, жамиятда эътиборини зиёда қилади ва унинг сўзи ишончли бўлади. Муҳим қарорлар қабул қилиш керак бўлганда ундан маслаҳат олинади.
“Кимки қудратни истайдиган бўлса, бас, барча қудрат Аллоҳникидир. (Ҳар бир) ёқимли сўз Унинг ҳузури сари чиқур. Солиҳ амални эса, (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур. Ёмонликлар билан макр қиладиганлар учун қаттиқ азоб бордир ва уларнинг макрлари ҳам ҳалок бўлур (беҳуда кетур)” (Фотир сураси, 10-оят).
Ал-ҳосил, ҳар бир инсоннинг ўзига яраша масъулияти бор. Ота/она, фарзанд, ака/ука, қўшни, бошқарувчи, ўқитувчи… Ана шу масъулиятларни бажаришда талаб қилинадиган энг муҳим нарса – мулойим сўзликдир. Мақсад яхши сўзлар билан ифода этилмаса, тингловчига таъсир этмайди. Шу туфайли Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни Фиръавнни даъват этиш учун юборганда динга ёқимли гаплар билан чақиришни амр қилган:
“(Эй Мусо!) Сен ўзинг ва биродаринг (Ҳорун) Менинг оятларимни (одамларга) олиб борингиз ва Мени зикр қилишда сустлик қилмангиз! Иккингиз Фиръавннинг олдига борингиз, чунки у («Мен – худоман»), деб ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса” (Тоҳо сураси, 42–44-оятлар).
Бировга гапиришдан мақсад – таъсир кўрсатишдир. Шундай экан, хоҳ у Фиръавн бўлсин, хоҳ бир ғариб киши – муомала мулойим бўлмоғи лозим. Сўз ёқимли бўлса, тингловчининг кўнглига етиб боради. Қўпол бўлса, гапингиз тўғри бўлган тақдирда ҳам уни ўчакиштириб қўясиз…
Мулойимлик билан муомала қилиниши керак бўлган тоифадан бири – ёшлардир. Уларга деярли ҳамма насиҳат қилади. Лекин бу насиҳатлар дағаллик ва дашномдан иборат бўлади. Шу услуб ёшларни тузук йўлга соладими? Йўқ, аксинча, узоқлаштиради. Унутмайликки, ёшу қари ширин сўзнинг гадоси. Шундай экан, ёшларга, болаларга хитоб қилганда сўзларнинг ёқимлиларини танламоқ зарур.
“Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси, 159-оят).
Раббимиз ҳаммамизни Ўзининг кўрсатмасига амал қилиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларига эргашиб, яхши сўзларни сўзловчи, мулойим муомала қилувчи бандаларидан айласин.
Бинафша ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
http://hidoyatuz.taplink.ws