Бегойимларга бегининг розилиги муҳим
Тошкент шаҳрида яшайдиган Шарифахон ая Нуриддинова билан суҳбат қурар эканмиз, кекса бўлишига қарамай, теран фикрлаши ва шу ёшда ҳам кўзойнак тақмаганлари ҳайратимизни оширди.
102 ёшли момо эри Салоҳиддин ота Нуриддинов билан 7 қиз 1 ўғилни вояга етказди. Салоҳиддин ота зиёли ҳам қори инсон бўлган. “Ўзбекистон уламолари” китобига улар ҳақида маълумот киритилган бўлиб, маълумотларга кўра 1944 йили Андижондан Тошкент шаҳрига кўчиб келган. Ўша вақтларда диний назоратга хориждан меҳмонлар келса, у кишини чақириб Қуръон ўқитишган. Кўплаб шогирдлар тайёрлаган. Шунингдек, “Салоҳий” тахаллуси билан ҳам ижод қилиб, яхшиликка чорловчи назмий панд-насиҳатларини санъаткорлар куйлашар эди.
Ая раҳматли эри ҳақида бундай дейди: “Турмуш ўртоғим ҳар бир хизматимга дуо қилар эдилар, балки шунинг учун ҳам бугун шу ёшдаман”.
Одатда эркак кишининг ҳаётда ўз ўрнига эга бўлиши аёлига ҳам боғлиқ. Тарихдан маълумки, олимларнинг олим бўлиши, султону бойларнинг ҳаётида оналар, рафиқаларнинг хизматлари бор. Шарифахон ая ҳам турмуш ўртоғини илм олишида кўмакчи, турмушнинг пасту баландида сабрли, фарзандлар тарбиясида камарбаста бўлди. Аянинг хотираси мустаҳкам. Буни болалик йилларини эслашидан ҳам сезиш мумкин.
– Ота-онам ҳамиша ҳалолликни уқтириб келган. Болалигимиздан бизга озига ҳам қаноат қилишни, борида бўлишишни, йўғида йўндиришни ўргатишган. У даврлар қийинчилик, очарчилик йиллари эди. Онам биз болалар билан банд, отам ошхонада ишлаб, рўзғор тебратарди. Падари бузурукворим ортиб қолган суякларни олиб келса, волидам уларни сувга солиб қайнатар, ун қўшиб овқат тайёрларди, зоғора нон ер эдик. Баъзан онам очликдан силласи қуриган аёлларни овқатлантирарди. Биз болалар: “Қорнимиз тўймади”, деб хархаша қилсак: “Озига қаноат қилишни ўрганинглар, тўйиб таомланишдан кўра, оз бўлса-да эҳсон қилиб, дуо олган яхши”, дердилар.
– Бугун аёллар орасида эрни менсимаслик ёки уларнинг гапига қулоқ солмасдан, асл аёллик фитратидан йироқлашиш ҳолатлари урчияпти. Натижада эса оилаларда парокандалик юзага келмоқда…
– Фарзандларимнинг отаси ақлли, ҳалол ва ғайратли инсон эди. Турмушимиз давомида бир оғиз ҳам қаттиқ гапирмаган, ҳар ишни маърифат билан ўргатарди. Шу туфайли ўзим ҳам уларнинг кўнглига қарашга, айтганларини бекаму кўст бажариш, дуосини олишга ҳаракат қилардим. У вақтлар ўчоқда овқат қилиниб, сув иситиларди. Намозларига таҳорат сувларини тайёрлашдан ҳеч эринмасдим. Келишларига таомларини ҳозирлаб, бирга овқатланардик. Улар ҳамиша “Жаннатда ҳам бирга бўлайлик”, деб дуо қилар, мени баъзан “Авлиё” деб эркалаб гапирарди. Ҳозирги келинларни кўриб хафа бўлиб кетаман. Эри ҳориб ишдан келса ҳам, “Овқатингиз тайёр, сузиб олинг”, деб хотиржам юмушлари билан банд бўлишади, тенгма-тенг айтишади, ҳамма нарса етарли бўлса-да, йўқчиликдан нолийди. Аёл эри туфайли жаннатни нақд қилади. Бегойимларга бегининг рози бўлиши жуда муҳим.
– Отанинг фарзандига бўлган муносабатида аёлнинг ўрни катта. Шундай эмасми?
– Мен ҳамиша Аллоҳ раҳмат қилсин, отаси бирон юмуш буюрса, қўлим кўксимда “хўп бўлади” дердим, улар хуш кўрмаган ишларга асло қўл урмасдим. Фарзандларим ҳам отасининг кўзига тик қарашмади. Она оиладаги муносабатнинг кўзгуси бўлади. Албатта, бунда эркакнинг ҳам яхши хулқли бўлиши аҳамиятлидир. Дадаси камгап, камтар ва жуда мулоҳазали инсон эди. Ғийбатни, ёлғонни ёмон кўрганлар. Қуръон тиловатига ўтирсалар, соатлаб ёнида тинглаб ўтирардим. Эркак оилада ўз ўрнини, ҳурматини ҳис қилса, масъулиятини англайди. Агар аёл оилабоши бўлишни даъво қилса, мусибатда қолади. Чунки Аллоҳ оила учун касб-кор қилишни эркакларга буюрган, баракаси ҳам шунда бўлади.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга жаннатга кирадиган аёлларингиз ҳақида хабар берайми?” дедилар. “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, дедик. У киши: «Меҳрибон ва туғувчи, яъни эрига меҳрибон, итоаткор ва кўп фарзанд туғувчи аёллардир. У аёл эрининг ғазаби келса ёки бирор нарсаси ёқмай, жаҳли чиқса: “Қўлим қўлингизда, рози бўлмагунингизча уйқуга кўз юммайман”, деб айтади», дедилар (Имом Табароний ривояти).
Камола АДАШБОЕВА суҳбатлашди.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан