Яхши ўрнак бўлайлик
Кўпинча ўткинчи ҳою ҳавас ва ташвишларга чалғиб, Аллоҳ таоло инъом этган бебаҳо неъматлар қадрини унутамиз. Улар бизни тарк этгач эса, қат тиқ афсусланамиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтни, ўлимдан олдин тирикликни ғанимат билинг” (Имом Термизий ривояти).
Ҳадиси шарифда ёшликни ғанимат билишнинг биринчи ўринда саналиши бежиз эмас. Чунки умрнинг навқирон палласида кўплаб фойдали ва манфаатли ишларни қилиб улгуриш мумкин. Уни беҳуда ўтказиш кенг имконларни бой бериш демак. Шунинг учун бой ҳаёт тажрибасига эга инсонлар, кексаларнинг насиҳатларига қулоқ тутиб, йўл-йўриқларига амал қилган инсон ҳаёт йўлини яхшиликлар билан безайди. Улуғ неъмат бўлган саломатлик ҳам беқиёс имкондир. Кўпчилик соғлигига бефарқ муносабатда бўлади. Гўё ҳамиша соғлом ҳолда яшайдигандек. Беморликка учрагач, бу ишидан ўкинади. Сабаби, оғриқ жонидан ўтиб, лаззатлар татимай қолади, ўйлаган ишларини бажаришда қийинчиликка дуч келади. Аслида бизга омонат берилган соғликни асрашимиз буюрилган. Эътиборсизлик ёки зарарли одатлар туфайли унга путур етказсак, гуноҳкор бўламиз.
Баъзи кишиларнинг: “Пулим кўп пайтида қўли қисқароқ яқинларимга ёрдам бериш ҳақида ўйламабман”, деб афсус чекканларига гувоҳ бўламиз. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларни ўзига берилган бойликни хайрли мақсадларга ишлатишга чақирганлар. Зеро, фақир-мискинларга сарфланадиган мол-дунёни Аллоҳ таоло баракали қилади, кўпайтиради. Бундай бойлик ўз эгасига икки дунёда манфаат келтиради. Хасис, исрофгар пулдор эса унисидан ҳам, бунисидан ҳам қуруқ қолади.
Бандликдан олдин бўш вақтни ғанимат билиш нимани англатади? Маълумки, тирикчилик юмушларига кўмилган киши ҳатто ўзига ва оиласига етарли вақт ажратолмайди. Шундай экан, муаммолар кўпайиб кетмасдан аввал уларнинг ечими ҳақида бош қотириш ва ҳаётни бир маромда йўлга қўйиб, қалб хотиржамлигига, ҳаловатга эришиш лозим. Бу ибодатларни, хайрли амалларни кўнгилдагидек адо этишга имкон беради.
Набий алайҳиссалом охирида ўлимнинг муқаррарлиги ва унга тайёргарлик кўриш, яъни Аллоҳ буюрганидек ҳаёт кечириш ҳақида огоҳлантиряптилар. Демак, ўлимни доимо эсга олиб турсак, қилаётган ишларимиз охиратда бизга манфаат ёки зарар келтиришини мушоҳада қилсак, хайрли амалларимизни кўпайтириб, гуноҳлардан сақланишга эришамиз.
Албатта, киши тажрибасизлик, ҳою ҳавасга берилиш оқибатида неъматларга бефарқ муносабатда бўлади. Ўйлаб кўрсак, ҳаммаси ёшликдаги тарбияга бориб тақалади. Бола одобни биринчи навбатда оилада, яъни бобо-бувиси, ота-онаси, ака-опаларидан ўрганишини эсдан чиқармайлик. Шунинг учун катталар тарбияда ҳамиша ўрнак бўлишлари керак. Бу боланинг фазилатли инсон бўлиб камол топишига ёрдам беради. Натижада у бутун умр яхшиликни касб қилиб, ёмонликдан узоқда бўлади. Қалбини шукроналик тарк этмайди. Ғанимат фурсатлардан унумли фойдаланади. Бу ҳақиқий мўминга хос ҳаёт тарзидир.
Демак, оилада болалар тарбиясига жиддий эътибор қаратиб, соғлом маънавий муҳит яратишимиз керак. Бунинг учун хулқ-атворимиздаги камчиликларни ислоҳ қилиб, чиройли одобимиз ва таъсирчан панд-насиҳатларимиз билан уларни доимо яхшиликларга йўллаб туришимиз зарур.
Азимжон КАРИМОВ,
Тошкент тумани “Эшонхўжа ота” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 11-сонидан