Ақли оз кишининг ҳазили кўп
Ақли оз кишининг ҳазили кўп
Изоҳ. Ақл инсонга босиқлик, вазминлик бағишлайдиган неъматдир. Ҳазил-ҳузулга берилган кишида вазминлик ўрнини енгиллик эгаллайди. Агар ҳазилкашлик табиатга айланса, бундай кимсанинг ақли босиқликни кўтара олмайдиган бўлиб қолади. Умар розияллоҳу анҳу бунинг хавфли оқибатидан огоҳ этиб айтган эди: “Кўп куладиган кишининг ҳайбати камаяди. Ҳазиллашаверадиган киши ҳазилни енгил санайдиган бўлади. Ким нимани кўп қилса, шу билан танилади. Ким кўп гапирса, нуқсони кўпаяди. Нуқсони кўпайган кишининг ҳаёси кетади. Ҳаё кетса, тақво камаяди. Тақво камайса, қалб ўлади”.
Муҳаммад ибн Мункадир айтади: «Онам менга насиҳат қиларди: “Болам, ёш болалар билан кўп ҳазиллашма, қадринг кетади”».
Саид ибн Ос ўғлига дерди: “Эй ўғлим! Ҳурматли кишилар билан ҳазиллашма, нафратига йўлиқасан. Пасткашлар билан ҳам ҳазиллашма, сенга қарши журъатли бўлиб қолишади”.
Камгаплик – маломатдан энг узоқлаштирувчи сифат
Изоҳ: Кам гапирган киши маломатдан узоқ бўлади. Чунки унинг сукути кўп. Сукут учун жавоб бериш эса гап учун жавоб беришдан осонроқ. Камгапликнинг зидди сўзамолликдир. Сўзамолликда хато бор, жим юришда саломатлик. Шунинг учун жим юришнинг фазилати улкан. Албатта, жим юриш қуруқ сукутдан иборат феъл эмас. Унда охират ғами, давомли вазминлик, тафаккур учун имкон, зикр, ибодат жамланган. Жим юрган инсон бу дунёда сўзлар чарчоғидан, охиратда у сўзлар учун ҳисоб беришдан халос бўлади. Аллоҳ таоло дейди: “У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса), унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)” (Қоф сураси, 18-оят).
Гап тўрт хил бўлади: фақат зарардан иборат ёки фақат фойдадан иборат ё зарар ва фойдадан иборат ёхуд зарари ҳам, фойдаси ҳам йўқ гап. Фақат зарардан иборат гапдан сукут қилиш лозим. Зарари ва фойдаси бор гапдан ҳам тийилган маъқул, зараридан сақланиш учун. На фойда, на зарари бор гап керакмас, ортиқча юмушдир. Унга машғул бўлиш вақтни исроф қилишдан, айни зиёндан бошқа нарса эмас. Демак, тўртнинг учи соқит бўлди, бири қолди. Аслида ҳамма хатар мана шу бирда. Аллоҳ асрасин, ўша тўртнинг бири, яъни фақат фойдадан иборат гапга риё, сохталик, ғийбат ва ҳоказо тил офатлари аралашса, нима бўлади? Фойда билан зарарнинг чегараси махфийлашиб, инсон хатарлар ичра қолмайдими?!
Абдуллоҳ ибн Суфён отасининг бундай деганини ривоят қилади: “Эй Аллоҳнинг расули! Менга Исломдаги шундай бир иш ҳақида хабар берингки, бу ҳақда сиздан бошқасидан сўрамайин.
– Аллоҳга иймон келтирдим, дегин. Сўнг тўғри бўл, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
– Нимадан сақланай, эй Расулуллоҳ? – дедим.
Шунда Расулуллоҳ қўли билан тилларига ишора қилдилар”.
Сафвон ибн Салимдан ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссалом бундай дедилар: “Ибодатнинг энг осон ва бадан учун энг енгилини айтайми? Бу – жим юриш ва гўзал хулқ!”» (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Мўминнинг тили қалбида. Агар бирор нар сани гапиришни хоҳласа, қалби билан ўйлайди, сўнг тилига чиқаради. Мунофиқнинг тили қалбидан ташқарида, хаёлига келган нарсани тилига чиқаради, қалби билан ўйламайди” (Муттафақун алайҳ).
Муҳаммад ибн Омир ибн Шарафиддин ШИБРАВИЙ
Рашид ЗОҲИД таржимаси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 6-сонидан