“Агар фалон иш бўлмаганида…”
Абу Ҳурайра розияллоҳ у анҳудан ривоят қилинади.
“Кучли мўмин ожиз мўминдан яхшироқ ва Аллоҳ таолога маҳбубдир”. Қози Иёз айтади: “Ҳар иккисида яхшилик бор”. Бу ҳадисда мақталган кучдан мурод ибодат қилиш учун лозим бўлган жисмоний кучдир. Бадани соғлом, кучли мўмин шаръий амалларни тўла адо этади.
Мўмин кучли бўладими, ожиз бўладими, иймони туфайли ўзгалардан яхшидир. “Сенга фойдали нарсага интил ва Аллоҳдан ёрдам сўра, ожизлик қилма”. Яъни, дин ва дунё учун фойдали бўлган нарсага интил. Бу йўлда фақат Аллоҳ таолодан мадад сўра. Дунё ва дин учун фойдали нарсаларга интилишда сусткашлик қилма. Унутма, охират ишлари дунё ишларидан олдинда туради. Зеро, охират ишлари билан дунё яхшиликларига ҳам эришилади.
“Агар сенга бирор нарса (бало, мусибат) етса, “Агар мен фалон ишни қилганимда, бундай бўлмас эди” демa”. Фалокат, мусибат етганда “агар” “уйда бўлганида”, “бормаганида ҳалокат, мусибат бўлмасди” деб ишонма. Балки Аллоҳ таоло хоҳлагани, тақдир қилгани бўлди деб эътиқод қил.
«“Агар…” сўзи шайтоннинг амалига йўл очади». Яъни, шу йўл орқали шайтон инсон қалбини васваса қилади.
Азибек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws