Улуғ бобомизнинг шафқати
Бир йили Султон Ҳусайн Марв шаҳрида қишлаганда, Алишер Навоий ҳам аъёнлар билан бирга ўша жойда қолади.
Ғиёсиддин Хондамирнинг маълумот беришича, ўша сафарда ҳазрат Навоийнинг мислсиз шафқатларини намоён қилувчи бир ҳодиса бўлган. Бир қуш ҳазратнинг чодирига уя қуриб, тухум қўяди.
Қиш тугаб, иссиқ кунлар бошланганда ҳамма пойтахт Ҳиротга отланади. Аммо қуш тухумларини очмаган эди. Бу ҳолда чодирни йиғиш, албатта, тухумларга зарар етказар, қушни ҳам безовта қиларди.
Навоийнинг шафқати, раҳмдиллиги шуни тақозо қилдики, қуш тухум очиб, полапонларини учирма қилгунича чодир бузилмайдиган бўлди. Мулозимлардан бири – Хожа Ҳасан Бахтиёрга шу ерда қолиб, қушга қараб туриш ва хизмати ҳақига чодирни ўзи билан олиб кетиш буюрилди. Топшириққа мувофиқ полапонлар учирма бўлгунча мулозим уларга кўз-қулоқ бўлиб турди. Қуш полапонларини учирма қилгач, чодирни олиб ўз манзилига қайтди.
Митти жонзот учун қайғуриб, уни авайлашга ҳаракат қилган боболаримиз ҳаёти, хулқи ҳар биримиз учун улкан сабоқдир.
Мунис ЖЎРАЕВА,
ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 11-сонидан