Самовий сафар
Ҳазрат Навоий достон қаҳрамони Қайснинг шарҳи ҳолига ўтишдан олдин ўқувчиларга яна икки адабий макон – Меърож кечаси ва Ишқ водийси тафсилотларини келтириб ўтади. Булардан бири осмоний олам, яна бири заминий ҳаёт. Зоҳиран олганда, мазкур икки адабий маконнинг ишқ-муҳаббат мавзусига мутлақо алоқаси йўқдек. Тадқиқотчи олимлар бу икки адабий маконнинг мазкур достонга нега олиб кирилганига қизиқмадилар ёки эътибордан четда қолдирдилар. Ҳақиқатда даҳо шоирнинг меърож ва ишқ водийси билан боғлиқ тафсилотларни бу асарга олиб киришдан муроди не?
Фариддин Атторнинг “Асрорнома” ва “Илоҳийнома” достонларида ҳам меърож воқеасига алоҳида боблар ажратиб,Оллоҳ таолонинг инояти билан Муҳаммад алайҳиссаломнинг самовий сафари, осмон йўлида ғайб пардаларининг у зотга бирма-бир очилиб бориши, фаришталар ва пайғамбарларнинг у зотни муборакбод этишлари, “олий мулк” ҳузурида ўз ҳожатларини сўрашларини баён қилиб берилган.Алишер Навоий ҳам ана шу анъанани давом эттирган ҳолдамеърож воқеасини “Лайли ва Мажнун” достонига олиб кирди.“Навоий асарлари луғати” да меърожга шоти, нарвон, кўкка кўтарилиш, деган таърифлар берилган. Қуръони каримнинг “Исро” сурасида бу воқеликка алоҳида тўхталиб ўтилган. Айтишларича, Ҳазрат Навоий Буроқ отлиғ уловда Маккадан Байтул Мақдисга Жаброил фаришта ҳамроҳлигида сафар қилган, бир оламдан бошқа бир оламга ўтишучун кўкка кўтарилган Пайғамбаримизни меърожга бағишланган достон бобида “самовий мусофир” деб мақтайди:
Кўкта тилаганни ерда топти,
Чун ер уза минди кўкка чопти.
Ул пўяда маркаби сабукпай,
Олам-олам қилур эди тай.
Бу самовий сафарда ой, юлдузлар, Зуҳра, Тароз, Баҳром, Зуҳал, Савр, Ҳамал, Жавзо, Бақар, Саратон, Шер, Хўша, Тарозу, Ақраб номли ҳаракатсиз сайёралар Пайғамбаримиз ва Буроқ отининг йўлига дурлар сочишиб қутлашади. Аллоҳ таоло Ўзи билан Набийси олдидан ниқоб – тўсиқларни кўтаради:
Ҳақ очиб ўз олидин ниқобин,
Етмиш минг пардаи ҳижобин.
Чекти ани ул ҳарамға онсиз,
Не жисму не жон, не жисму жонсиз.
Диний манбаларда айтилишича, меърож инсоният тарихида катта ва улуғ ҳодисадир.Мусо ва Ийсо пайғамбарлардан кейинваҳий вапайғамбарлик бир неча замонлар тўхтаб қолди. Бунгача Бани Исроил қавмидан пайғамбар ва набийлар келиб турарди. Улар тўғри йўлдан адашган қавмларни иймон йўлигадаъват этар, ҳақ ва ботилни ажратиб берар ва ҳақдан юз ўгирган қавмларни тўғри йўлга бошлаб ширк ва жоҳилона ҳаётдан узоқлашишга ундарди. Пайғамбарлар келиши тўхтаб қолиши билан инсоният яна жоҳилиятга тушиб қолган эди.Инсоният янги ва охирги пайғамбарнинг келишини кутиб яшар, Навоий таъбири билан айтганда, “кутуби осмоний” – самовий китоблардаохирги пайғамбар ҳақида зикр этилиб, осмон ва замин орасини пайғамбарлик риштаси билан қайтадан боғлашини хабар берилган. Бу вазифани Муҳаммад алайҳиссалом уддаладилар. У зот ҳаётлари давомида инсониятга ислом дини ва Қуръони каримни мерос қилиб қолдирди. Шу билан осмон олами ва замин ҳаёти ўртасидаги узилишни қайтадан боғланди.
Хулосайи калом шуки, “Лайли ва Мажнун” достонида Меърож воқеаси тафсилотлари бежизга келтирилмай, осмон олами билан замин ҳаёти ўртасидаги боғланишни шоир бадиий йўсинда кўрсатиб берди.
“Ишқ водийси” бобида “хаёл мусофири” ишқ даштига қараб йўл олади. Ҳазрат Навоий эътирофича, “хаёл мусофири” отига миниб, “ишқнинг юз офатлиқ дашти” га етиб боради. Бу даштдан ўтиш осон эмас. Бу йўлни босиб ўтишга жазм этганларни офат чақинлари ва бало тўфонлари кутиб турибди. Бу даштда қанчадан-қанча ошиқлар тани туфроққа айланиб, сўнгаклари ҳар томонда сочилиб ётибди.
Бу ишқ водийси заминий ҳаёт, бу дунёга келган одамларнинг ана шу ишқ даштдан ўтишлари тақдир қилинган. Бироқ ундан ўтиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Унинг ҳажр тунида Мажнун бир ўзи ёлғиз ўтирибди. Унинг қалби ва ёди биргина Лайлининг васлини тилаб ўртанади. Мажнун чеккан дард ва изтироблар фақат замин ҳаёти билан боғлиқ деб бўлмайди. У дард ва изтиробларининг осмоний маъноси ҳам мавжудки, у ўз елкасига катта дард юкини юклаб олган. Бироқ бу дарддан уни фақат ишқ фориғ этиши мумкин. Бундан бошқа чора йўқ. Жалолиддин Румий айтганидек, инсонда шу қадар улкан ишқ, ҳирс, орзу ва дард бордирки, юз мингларча олам ўзиники бўлса ҳам, кўнгли тинчимайди.
Ишқ ошиқ қалбини ўртаб уни поклашга хизмат қилади. Ишқ ҳирс ва нафс исканжасидан халос этиб, ошиқни заминий ҳаётда камолот пиллапояларидан руҳан осмоний юксакликларига кўтаради. Мазкур асарда Мажнуннинг заминий ҳаётда вужудга келган қалб изтироблари ва муножотлари билан кўкка илтижо қилади, ўзининг инсоний қисмати ва тақдири моҳиятига етиш ва тириклик ҳикматини англашга қаратилган. У нафсоний покланиш орқали ўзининг тарихий вазифасини адо этиб юзи ёруғ бўлишини истайди. Шуни деб изтироб ва дард чекади. Буни эса ишқ амалга оширади. Чунки ишқ қалбни ўртайдиган ўт, юксакликка кўтарадиган куч ва сўнмас ва порлоқ нурдир. Фаридиддин Атторнинг уқтиришича, ишқ азалдан коинотнинг мазғи-моҳияти бўлиб келган. Аммо дардсиз ишқ комил ишқ эмас. Дард фақат одам боласига берилган, бу юкни фақат угина кўтара олади. Агар ишқ бир кўнгилдан жой олса, у кишининг жонида ором йўқолади. Шунинг учун ишқ даштини ёлғиз кезган Мажнун ҳаловатини йўқотиб, ишқнинг ўтида ўртаниш ва куйиш билан бутунлай покланишни истайди. Ошиқлар бу ишқ даштида оромини йўқотган:
Ғам туфроғи суйидин сиришти,
Ишқ ўтию ели сарнавишти.
Саргаштау пўягар ниҳод ул,
Ғам бодиясида гирдбод ул.
Бобомурод ЭРАЛИ,
тадқиқотчи
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws