Жигарни қуритадиган ичимлик
Миқдом ибн Маъдийкариб Киндий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тик тутадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва нафаси учун учдан бир”, деганлар» (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).
Сўнгги вақтларда ёшлар орасида энергетик ичимликлар ичиш одат тусига кирди. Шифокорлар тетиклаштирувчи бундай ичимликларни соғлик учун жуда хавфли эканини таъкидлашмоқда. Энергетик ичимликлар 1960 йили Японияда тиббиётда дори воситаси сифатида кашф қилинган. Дастлаб инсон саломатлиги учун зарарсиз деб ҳисобланган ичимлик аста-секин оммалашиб, тижоратга айланиб кетди. Сўнгра унинг таркибига бир қанча кимёвий моддалар қўшилди.
2014 йилга келиб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда вояга етмаган ўсмирларнинг энергетик ичимликни кўп истеъмол қилиши хавфли эканини эълон қилди. Шу сабабдан кўп мамлакатларда бу ичимликка тақиқ қўйилди. Саломатлик учун асоси хавфлар шакар ва кофеин миқдорининг юқорилигидир. Энергетикларда кофеин 100 ml учун 30–50 mg бўлади. Баъзиларида 100 mgгача ошиши мумкин. Бу оддий қаҳва (12 mg)дан 8 баравар кўп. Уларни мунтазам истеъмол қилиш тушкунликка тушиш эҳтимолини оширади.
“Энергетик ичимликларни истеъмол қилиш юрак хуружини оширади, асаб тизимини сусайтиради ва гиёҳвандликка олиб келиши мумкин. Яна қон босимини ҳам кўтаради. Масалан, битта идишдаги энергетик ичимликда 27 чой қошиқ шакар бор. Агар сиз бу ичимликларни ичсангиз, келажакда қандли диабет ва бошқа оғир касалликларга дуч келишингиз муқаррар”, дейди мутахассислар.
Айрим ишлаб чиқарувчилар бу ичимликларга ҳайвонлар аминокислоталарига ўхшаш бўлган таурин моддасини қўшади. Бу модда юрак мушакларининг ишлаш жараёнини тезлаштиради. Энергетик ичимликлар таркибида шакар миқдори меъеёридан анча юқори бўлгани боис унинг бир шишасини ичган кишининг жигари қаттиқ зўриқади ва бора-бора қуриб қолади.
Шакар иммунитетни пасайтиради
Қонда шакар миқдори қанчалик юқори бўлса, иммунитет шунчалик пасайиб кетади. Шакар миқдорининг ошиши қандли диабет касаллигини келтириб чиқаради. Шакар айрим ҳолларда қон томирлари кенгайишига сабаб бўлади, ўт пуфагида тош ҳосил бўлади. Аёлларда ҳомиладорлик даври оғир ўтади. Шунингдек эндокрин, асаб, буйрак, ҳазм аъзоларига, суяк ва бўғимларга салбий таъсир кўрсатади. Шакар тез қаришга олиб келади, бактериялар кўпайиши учун шароит яратади, юрак мушакларига ножўя таъсир қилади.
Интернет манбалари асосида тайёрланди.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws