Фарёд
Масжид… намозхонлар билан гавжумлаша бошлаган ҳовлида “Қолган умримни диний маърифатимизга хизмат қилиб ўтказаман”, деган эзгу мақсад билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт матбаа ижод уйида ишлаб юрган ва кейинги кунларда охир хасталикка чалиниб, ана ўша дарддан вафот этган қалби ҳалим инсон – Абдураҳим аканинг тобути турибди.
Тобутга разм солиб қарасангиз, гўё дунёнинг оғирлигини ўзига жамлаб олгандек туйилади. Мотамсаро инсонлар тезроқ шом намозига азон чақирилса-ю, ўлик сукунатни шу бузса, деб дилтанг бўлиб туришибди.
Ана шу чоқда хонақоҳ эшигидан тўқсон ёшлар атрофидаги мункиллаган отахонни икки киши қўлтиқлаб ичкарига олиб кирди. Елкалари чўкиб, мункайиб қолган отахоннинг ҳар бир ҳаракатида наинки узоқ умрнинг залвори, балки фарзанд доғида куйган қалбнинг изҳори ҳам яққол акс этиб турибди. Ўриндиққа ўтқазишди, гапиришга мажоли йўқ, лаблари пичирлаб, нималарнидир дуо қилди. Кўзларида эса чексиз қайғу ва сабру матонат туйғулари намоён.
Бир киши отахонга таъзия билдириб бағрига босди. Шунда бемажол отахон лаблари қалтираб, нурсиз кўзлари ёшга тўлган ҳолда шикаста овозда биргина сўз айтди. Пастгина сасда айтилган у сўз шу қадар дардли эдики, юракларни тилка-пора қилиб юборди. Ушбу сўз замирида қанчалар армон, қанчалар соғинч яширинганини тасаввур қилиш қийин эди. Бутун масжидга сукунат чўкди, фақат отахоннинг фарзанд доғида куйган қалбидан чиққан унсиз фарёди дунёдаги энг баланд овоздан ҳам баландроқ овозда янграрди. Гўёки, она замин ҳам унинг мусибатига шерик бўлиб, титраётгандек эди.
Бу сўз: “Болам…” деган фарёд эди.
Неъматжон МУСАЕВ