Иймоннинг юксак чўққиси
Исломда иймон тил билан иқрор бўлиш ва дил билан тасдиқлашдир. Аллоҳ таолога муҳаббат, ихлос ва самимий севги эса, мўминларнинг хос фазилати. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “…Иймон келтирганларниег Аллоҳга бўлган севгилари эса (уларникидан) кучлироқдир…” (Бақара сураси, 165-оят).
Бу ояти каримада ҳақиқий мўминлар Аллоҳни бутун вужуди билан севиши таъкидланмоқда. Чунки Унинг муҳаббати барча севгидан устундир. У Зотга муҳаббат қўйиш ҳар бир банданинг бурчидир. Шунинг учун Аллоҳ таолога муҳаббатимизни доимо мустаҳкамлаб боришимиз керак.
Бунинг бир қанча йўллари бор.
1. Қуръон ва ҳадисни кўп ўқиш. Шу орқали Аллоҳга бўлган муҳаббатимиз ортади. Каломуллоҳда Аллоҳнинг буюк исмлари, сифатлари ва бандаларга бўлган меҳрибонлиги баён этилган.
2. Аллоҳни кўп зикр қилиш. Бу ҳақда Жумъа сураси 10-оятида алоҳида таъкидланиб “…Аллоҳни кўп зикр этинглар, шоядки, нажот топсангиз”, дея буюрилган. Ким Аллоҳни кўп эсласа, зикр қилса, қалби нурланиб, хотиржамликка эришади ва Яратганга муҳаббати янада ортади.
3. Суннатга эргашиш. “Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Жаброил алайҳиссаломга: “Мен фалончи бандамни яхши кўраман, сен ҳам уни сев”, – дейди» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Демак, биз Расулуллоҳнинг йўлидан борсак, Аллоҳ бизни ҳам яхши кўради.
4. Дуо қилиш. Аллоҳга муҳаббати зиёда бўлишини сўраб дуо қилиш мўминнинг хислатидир. Набий алайҳиссалом бундай дуо қилар эдилар: “Эй қалбларни буриб турувчи Зот! Қалбимни Ўз динингда собит қил”. Аллоҳга муҳаббати зиёда банда қандай бўлади? Аллоҳни севган мўмин: – ҳар бир ишини Парвардигорнинг розилиги учун қилади; – инсонларга меҳрибон ва хушмуомалада бўлади; – гуноҳлардан узоқлашиб, тавба қилишга шошилади; – ҳар доим Аллоҳнинг назарида эканини ҳис қилиб яшайди. Аллоҳни севиш – иймоннинг юксак чўққиси. Қалбимиздаги бор муҳаббатни У Зотга бағишласак, Раббимиз бизга дунё ва охират бахтини ато қилади. Зеро, Аллоҳ ва Расулига, барча мусулмонларга чин муҳаббат бандани Яратганга яқинлаштирувчи энг улуғ омилдир.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари
“Ҳидоя” журналининг 2025 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws