Хориждаги “бойвачча”дан ўзимизнинг “қоракўз” яхши…
Сўнгги пайтларда ўзбек қизларининг чет эл фуқароларига турмушга чиқаётгани ҳақида кўп эшитяпмиз. Тўғрисини айтганда, бундан ҳайратланмай ҳам қўйдик. Статистик маълумотларга қараганда ўзбекистонлик қизларнинг хорижликлар билан турмуш қуриш ҳолати йилдан йилга кўпаймоқда. Табиий савол туғилади. Нега ўзбекистонлик қизлар бошқа миллат вакиллари билан ҳаётини боғламоқда? Муҳаббатми, мажбуриятми ёки яна бошқа сабаблар борми?
Албатта, бунга сабаб ва омиллар кўп. Кимдир хорижга кетсам, маза қилиб яшайман, яхшигина пул топиб, отаонамга ёрдамлашаман деса, айримлар билиб-билмай бировларга эргашмоқда. Қизини хорижга узатаётганини кўз-кўз қилиб мақтанаётган ота-оналар борлигига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Бир пайтлар қизлар бир вилоятдан бошқа вилоятга турмушга чиқса, таажжубланардик.
Тўғри, замон ўзгарди. Глобаллашув барча мезонларни, қарашларни ўзгартирди. Мустақил бўлдик. Ўзлигимизни англадик. Бироқ бу асрлар оша сайқалланиб келган миллийлигимизга путур етказмаслиги даркор эди. Замонавийлашиб, дунёқарашимиз ошгани сари ота-бобомиздан қолган урфодатларни ҳам унутаётганга ўхшаймиз.
Энг ачинарли томони шундаки, чет элга ризқ топиш мақсадида кетиш эркаклар қолиб, аёллар орасида кўпаймоқда. Бу иллат йилдан йилга ривожланаётгани ҳам аччиқ ҳақиқат. Бу иймон-эътиқодли, миллат, юрт келажаги, ташвиши билан яшайдиган ҳар қандай инсонни ўйга толдиради.
– Айрим қизларимиз чет элга ҳой-ҳавас ортидан эргашиб турмушга чиқяпти, – дейди Тошкент шаҳрида яшовчи маҳалла фаоли Дилбар Ғаффорова. – Мен бунда болаларимизни Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик руҳида тарбиялашда бўшлиқ борлигини кўраман. Бу бўшлиқни фақатгина оилада ота-оналар тўлдира олади. Бугунги кунда баъзи оналар фарзанд тарбияси билан умуман шуғулланмаяпти. Меҳр деган туйғуни ҳеч ким оначалик бера олмайди. Болаларнинг қаровсизлиги, таълим муассасаларида, маҳаллада тарбияси оғир, енгил ҳаётга ўч бўлган қизларнинг эътибордан четда қолиши ҳам мана шундай ҳолатлар кўпайишига сабаб бўлаётир. Тўғри, турмушга чиқиш ёки қайси давлатга бориб яшаш инсоннинг ўз ҳуқуқи ҳисобланади. Таҳлил қиладиган бўлсак, баъзи оилаларда отаона хорижга ишлашга кетган. Қизи холасининг ёки кекса бувисининг қўлида қолган. Ёки она хорижга ишлашга кетган, отаси қиз бола тарбияси билан шуғуллана олмаган. Эр-хотин ажрашган, болалар бувисининг қўлида, онаси бошқа турмуш қурган. Мана шундай ҳолатларда қизлар бизнинг назаримиздан четда қолмоқда.
Чет эл фуқаросига турмушга чиққан, бироқ турмуши “ўхшамаган” аёллар билан суҳбатлашганимизда кўпчилиги моддий етишмовчилик бўлгани учун шундай қилганини таъкидлайди.
Қуйида Муборак синглимизнинг суҳбатини ўқигач, хорижга эрга тегиш истагида бўлган қизлар, уларнинг ота-оналари ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар, ёмон бўлмас эди. – Кам таъминланган оилада яшардим, – дейди Муборак. – Дадам катта миқдорда пул қарз бўлиб қолди. Бор-будимизни сотдик. Дадам қамалиб чиқди. Унинг устига онамнинг соғлиғи ёмонлашди. Шифокорлар онамни операция қилмасак бўлмайди, дейишди. Шунда дадам қўшнимизнинг совчилик агенти борлиги, хорижга қизларни турмушга бериш эвазига яхши қалин пули берилаётганини айтди. Қизим, хитойлик бир куёв бор экан. Яхши инсон деяпти. Унга турмушга чиқсанг, бизга ҳар ой пул юбориб туришини айтяпти. Шунда уй-жой дегандек, оиламизни моддий томондан тиклаб олармидик, деди. Мен бу таклифга рози бўлдим.
Не умидлар билан турмушга чиқиб, Хитойга келдим. Менга совчилик агенти бу инсоннинг жуда бой-бадавлат эканлигини айтган эди. Аммо келсам, Хитойнинг бир қишлоғида яшовчи деҳқон экан. Келишим билан телефоним, ҳужжатларимни олиб қўйди. Далада ишлашга мажбурлади. У билан 4 ой яшаган бўлсам, бор хўрликларни кўрдим. Тилини билмаганим учун унинг сўзларига тушунмасдим. Кетаман, десам, мени уйга қамаб қўярди. Бир амаллаб Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасига бордим. Уларга раҳмат, мени она-Ватанимизга қайтарди. Опа-сингилларга айтар сўзим – хорижга турмушга чиқманг. Дини, тили, урф-одатлари бошқача одам сизни бахтли қила олмайди. Турли совчилик агентларининг қоп-қоп ваъдаларига ишонманг.
Илгари турмуш ўртоғи билан ёки қайнонаси билан келиша олмай кўчада қолган аёлларни қандай ҳимоя қилишни билмасдик. Ҳозир тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларимизни давлат ўз ҳимоясига олган. Уларнинг ҳуқуқлари қонун билан кафолатланганлигига гувоҳ бўляпмиз. Яна бир маълумот, ўтган йилнинг ўзида тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш борасида иккита қонун, Президентимизнинг битта, Вазирлар Маҳкамасининг иккита қарорлари қабул қилинди.
Тўғри, қонун бўйича ҳар ким хоҳлаган инсонга, хоҳлаган давлат фуқаросига турмушга чиқиши мумкин. Бироқ миллий ғурур, ифтихор, Ватанга муҳаббат деган муқаддас туйғулар ҳам борлигини эсдан чиқармаслик керак. Энг асосийси, дини бошқа миллат вакили билан турмуш қуриш Исломда қатъий ман этилган.
Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши, дейилганидек чет элдаги “бойваччалар”дан ўзимизнинг “қоракўзлар” – мард, танти ўзбек йигитлари минг марта афзал. Биз юқорида тилга олган диний ва миллий қадриятларимизни эъзозлашимиз керак. Зеро, бу бизнинг неча асрлар давомида сайқалланиб келаётган бетакрор меросимиз, қолаверса, юксак ўзбек маънавиятининг айни мағзидир. Уни фарзандларимизга ёшлигидан ўргатишимиз, тарбиясига сингдиришимиз энг тўғри йўлдир. Қолаверса, юксак маънавиятли, иймон-эътиқоди мустаҳкам кишини ҳаётнинг елгил-елпи, алдамчи ҳою ҳаваслари ҳеч қачон йўлдан адаштиролмайди.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан