“Онам эканини Раббим билади…”
Саудиялик шифокор аёл ҳикоя қилади: «Муҳаммад исмли ёши тахминан ўттизларда бўлган йигит қабулимга келди. Унинг ёнида онаси ҳам бор. Она ундан қочмоқчи бўлар, йигит эсa уни бағрига босарди. Она рўмолини улоқтирди, у эса олиб қайтадан ўраб қўйди. Қўлларини тишлаб, тирнаб, юзига туфласа-да, йигит жилмаярди.
Мен сўрадим:
– Бу ким?
– Онам, – деди у.
– Унга нима бўлган?
– Шу ҳолларида, ақлсиз туғилганлар, – деди у.
– Ундай бўлса, сиз қандай туғилгансиз?
– Бобом отамга олиб берган, бирон фарзандли бўлса деб. Отам бир йил яшаган. Бу вақтда онам менга ҳомиладор бўлган ва мен туғилганман.
– Қачондан бери онангизга қарайсиз, парвариш қиласиз?
– Ўн ёшимдан бери овқат тайёрлайман, қарайман. Ухламоқчи бўлсам, чиқиб кетиб қолса, қидириб юрмайин деб оёғимни онам оёғига боғлаб ухлайман…
– Нега бу ерга олиб келдингиз?
– Онамнинг қон босими юқори, қандли диабет касаллиги бор… Шу пайтда онаси кулиб:
– Картошка бер, – деди. У берди. Онаси юзига туфлади. У кулиб, юзини тозалади. Шунда мен сўрадим:
– У сизга она эканини биладими, сизни танийдими?
– Йўқ, валлоҳи, мен ўғли эканимни билмайди. Лекин у менинг онам эканини Яратган Раббим билади.
Онаси қараб:
– Сен ёлғончисан! Нега мени Маккага олиб бормаяпсан? – деди.
У эса:
– Пайшанба куни олиб бораман деб айтмадимми, онажон? Пайшанба куни борамиз, – деди.
Мен сўрадим:
– Унинг зиммасидан (ақли жойида эмаслиги сабаб) соқит бўлса, Маккага олиб бориш керакми?
У жавоб берди:
– Опа, онам билан Раббимиз ҳузурида турганимда: “Муҳаммад, нега мени Маккага олиб бормаган эдинг?” дейишини хоҳламайман. Мен ўша онда: “Раббим, мен онамни елкамда опичлаб кўтардим, тавоф қилдирдим, замзам ичирдим, Каъбага қаратиб қўйдим”, дейишни хоҳлайман. “Ё Аллоҳ! Гарчи унинг ақли бўлмаса-да, менинг онам эканини, албатта, Сен билгувчисан!” дея илтижо этаман.
Менинг кўзим ёшга тўлган, бошқа гапиролмасдим.
– Онангга кўрсатган эҳтироминг учун Аллоҳ сени мукофотласин! Сен каби ота-онанинг эркалигини кўтарган одамни кўрмаган эдим.
– Мен бу ишимни Аллоҳ учун, (куни келиб) фарзандларим ҳам менга шундай муомала этишлари учун қиляпман. Чунки биррул волидайн (ота-онага яхшилик), албатта, қайтадиган қарздир, – деди у!..»
Интернетдан олинди.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws