Ўзбекистон Миср туризми учун янги йўналишга айланади
Мисрнинг “ал-Явм ас-Сабиъ” ва “Aл-Хабар ал-Явм” ахборот агентликлари мамлакат сайёҳлик компаниялари томонидан Ўзбекистонга танишув сафари ташкил этиш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш режалари ҳақида хабар беришди, деб хабар беради “Дунё” ахборот агентлиги.
Ушбу ташаббус Ўзбекистонни мисрлик саёҳатчилар учун янги сайёҳлик йўналиши сифатида тарғиб қилишга қаратилган. Яқинлашиб келаётган ташриф давомида туроператорлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мамлакатнинг сайёҳлик салоҳияти, жумладан, тарихий шаҳарлари ва замонавий сайёҳлик диққатга сазовор жойлари ҳақида билиб олишлари мумкин бўлади.
Саёҳатдан сўнг Миср бозорига қаратилган янги сайёҳлик йўналишлари ва пакетлари ишлаб чиқилиши кутилмоқда.
Таъкидланишича, Ўзбекистон ўзининг бой маданий ва тарихий мероси ҳамда ривожланаётган туризм инфратузилмаси, жумладан, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари туфайли истиқболли йўналиш сифатида қаралади.
Илёс Аҳмедов тайёрлади.