Раҳмоннинг суюкли бандалари
Кечиримлилик Аллоҳ таоло ато этган улуғ руҳий туйғу бўлиб, у бирор кишига ўзгадан маънавий ёки жисмоний зарар етса-ю, уни қайтаришга қурби етатуриб, ўзини паст тутишдир. Бу фазилат иймоннинг мустаҳкамлигига далолат, хулқий сифат ва улуғ исломий одобдир.
Қуръони карим ҳам кўп оятларда шунга буюради: “…Кечиб юборишингиз тақвога яқиндир. Ўзаро бир-бирингизга фазл (мурувват) қилишни унутмангиз…” (Бақара сураси, 237-оят), «Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганида, “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир» (Фурқон сураси, 63-оят).
Мўмин киши ҳалим, кечирувчан ва мурувватли бўлса, у бу хулқда бошқаларга ўрнак бўладиган даражага етади. Бунга шу сифатлар билан зийнатланган салафи солиҳларнинг ҳаётлари бизга намуна.
Бир куни Зайнулобидин ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу масжидга борди. Жомеда бир одам у кишини ҳақоратлади. Шунда Зайнулобидин ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг хизматчиси уни урмоқчи бўлган эди, у зот уларга: “Қўлларингни тийинглар. Мен сенлар айтганингдан ҳам зиёдман. Мен сен билганингдан кўпини биламан. Агар хоҳласанг, айтиб бераман”, деди. Шунда у одам қилган ишидан уялиб, хижолат чекди. Сўнгра Зайнулобидин унга кўйлак ва минг дирҳам ҳадя берди. У одам кетар экан: “Гувоҳлик бераман, албатта, бу йигит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам авлодларидан”, деди.
У киши ҳақида яна бир ривоят бор. Бир куни хизматчиси сопол обдастага сув қуйиб турганида, идиш тушиб кетиб, Зайнулобидиннинг оёқларини жароҳатлади. Хизматчи шошиб: “Эй хўжайин, дея “… ғазабларини ютадиган…” (Оли Имрон сураси, 134-оят) оятини ўқиди. Шунда Зайнулобидин “ғазабимни ютдим”, деди. Хизматчи яна деди: “…одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир” (Оли Имрон сураси, 134-) оятини ўқиди. Шунда у киши: “Сени кечирдим”, деди. Хизматчи яна: “… Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси, 134-оят), оятини ўқиди. Шунда Зайнулобидин: “Аллоҳ йўлида озодсан”, деди. Хизматчи қул эди, озод бўлди. “Сабаби нузул” китобида бундай дейилади: «Мистаҳ ибн Усоса исмли киши Абу Бакр розияллоҳу анҳуга холавачча эди. У мунофиқлар Ифк ҳодисасида Ойша розияллоҳу анҳо ҳақида миш-миш тарқатди. Бу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг жаҳлини чиқарди ва ўртадаги яқинликни узиш учун борди-келди қилмасликка қасам ичди. Шунда бу оят нозил бўлди: “Сизлардан фазилат ва кенг мол-мулк эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ йўлида эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир” (Нур сураси, 22-оят). Шундан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу уни кечирди ва “Аллоҳ мени мағфират қилишини яхши кўраман”, деб аввалгидек ҳадялар бера бошлади».
Саҳобаларнинг бу хулқлари қанчалар ибратли. Улардан ўрнак олиб ҳалимликни, мурувватпешаликни фарзандларимизга ҳам сингдиришимиз зарур.
Имом Абу Довуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: У зот: «Ким қодир бўлатуриб ғазабини ютса, қиёмат куни Аллоҳ халойиқ ичида чақиради, ҳатто “ҳури айн”дан танлаш ихтиёри берилади», дедилар.
Шу мазмундаги яна бир ҳадис. Имом Табароний Уббод ибн Сомитдан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга нима билан Аллоҳ биноларни баланд ва даражаларини юқори қилишининг хабарини берайми?” дедилар. Улар: “Ҳа, эй Аллоҳнинг расули”, дедилар. Шунда у зот: “Сенга жоҳиллик қилганга ҳалим бўл, зулм қилганни афв қил, сенга бермаганга бергин ва сендан узилганга боғлан”, дедилар.
Аллоҳ шундай гўзал хулқлар билан сифатланиб, жаннатларга дохил бўлишимизни насиб айласин.
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 4-сонидан http://hidoyatuz.taplink.ws