Миннат қилмади, меҳри бўлинмади
Ота-онадан беш қиз етим қолдик. Ўшанда каттамиз 15 ёш, энг кичигимиз 2 ёш эди. Бир кунда ҳам отадан, ҳам онадан айрилдик. Катта ҳовли ҳувиллаб қолди. Қариндошларимиз вилоятда, пойтахтда ўзимиз эдик. Катта опам тўрт сингилни бағрига босиб, ҳеч кимга бермай, етимлар учун бериладиган нафақани авайлаб ишлатиб, бизга бош бўлди.
“Сингилларингни етимхонага бер, катта қилиб беришади”, деганлар ҳам, икки кичкина синглимизни фарзандликка сўраганлар ҳам бўлди. Опам кўнмади, “Ота-онамдан ёдгорларим, бир-биримиздан айрилмаймиз”, деди қатъий.
Опам тикувчилик қилиб, аста-секин рўзғор тебрата бошлади. Йиғласак, опам овутарди, кечаси ҳаммамизни бағрига босиб ухлатарди, ҳам ота, ҳам она ўрнида ғамхўрлик қиларди.
Опам ўн еттига кирганида совчилар кела бошлади. “Эрга тегмайман, сингилларимни катта қилишим, уларни ўқитишим керак!” деди. Бир куни холам билан бир йигит уйимизда меҳмон бўлди, анча ўтириб гаплашишди. Опам роса йиғлади. Биз ҳайронмиз. Улар кетганидан кейин опам холам совчи бўлиб келганини айтди. У йигит ҳам етим экан. Холам у бола яхшилигини билгани учун совчи бўлишга рози бўлибди.
Хуллас, кичкина тўй бўлди. Поччам ҳам биз билан яшай бошлади.
Ҳовлимизга файз кирди, деворлар оқланди, дарвозалар бўялди, дарахтлар экилиб, ҳамма ёқ саранжомлашди. Поччамдан аввалига ҳадиксирардик, тортинардик. Лекин Аллоҳим чевар экан, отамиз ўрнига ота бўлди. Меҳрибонлиги, очиқкўнгиллиги билан ҳаммамизнинг меҳримизни қозонди. Ишдан келса, тўрт қиз дув этиб югурамиз, қўлида биз учун доим қурут ё конфет бўларди. Кўнглимизни кўтарар, ҳазиллашиб ҳам қўярди. Шундай пайтларда ташвишимиз ҳам, етимлигимиз ҳам бироз унутиларди.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ учун уйларнинг энг яхшиси унда етим иззат-икром қилинадиган уйдир” (Имом Байҳақий, Табароний, Абу Нуайм ва Қузоъий ривояти).
Опам ишламасди. Олти жоннинг еб-ичиши шу 24 ёшли поччамнинг зиммасида эди. Лекин бирон марта миннат қилганини, жаҳлланиб гапирганини эшитмаганмиз. Опам фарзандли бўлди, иккита ўғил жияним қаторимизга қўшилди. Лекин поччамнинг меҳри бўлинмади, аввалгидек ғамхўр эди. Кийим-кечагимиз, касал бўлсак, дори-дармонимиз, мактаб харажатлари барчасини бекаму кўст қилди. Қисқаси, беш етим қизнинг кўнглига қаради, опамни бирор марта хафа қилмади, бизни ўқитиб, ҳунарли қилиб, ота ўрнида туриб яхши жойларга узатди.
Қизлик уйимизга меҳмон бўлиб келсак, ўчоқларда ош қилиб кутиб олар, ҳовлимизда пишган узум, анжир, гилосларни шу қизларнинг ҳақи деб, уйимизга челак-челак илинарди.
Абу Умома розияллоҳу анҳу ривоятидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай хабар берилади: “Ким етимнинг бошини фақат Аллоҳ (розилиги) учун силаса, қўли силаган ҳар бир соч толаси ададича унга ҳасанот ёзилади. Ким ўзининг қарамоғидаги қиз ёки ўғил етимга яхшилик қилса, мен ва у жаннатда мана бундай бўлади”, деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очганлар (Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ва Имом Табароний ривояти).
Ҳозир ҳаммамиз оилали, уй-жойли, ўзимиздан тиндик. Бошимизни силаган, етимлигимизни билдирмаган поччам эса 63 ёшида дунёдан ўтди. Беш қиз йиғлаб, дуо қилдик, ҳар доим эслаймиз.
У кишидан 4 фарзанд, 12 невара қолди. Баъзан пули кўпайса, маишатга берилиб, фарзандларига зулм қиладиганларни кўрсам, кўз олдимга раҳматли поччам келади… Шундай инсонлар кўпайсин!
Марҳабо КАРИМОВА,
шоира
http://hidoyatuz.taplink.ws