Бандикушод ота зиёратгоҳи
Тойлоқ туманидаги Бандикушод ота зиёратгоҳи ХIХ–ХХ асрларда барпо этилган.
У билан боғлиқ ривоятлар кўп. Айтишларича, қадимда асирга тушган, тутқунда бўлган инсонлар ҳаётларини асраш учун илм-ҳунар ва маҳоратларини ишга солишган. Муҳими, душмандан қутулиш йўлини излаган одамларнинг кўпи ўз мақсадига эришган. Ана шундай тутқунлардан бири душмандан яшириниб, ҳозирги Бандикушод ота зиёратгоҳи ҳудудидаги ғорга беркинади. У Аллоҳ таолога: “Аллоҳим, жонимизни асрагин, бизни шу азоблардан халос қилгин, тутқунликдан озод қилгин” деб нола қилади. Банди кўз ёш тўкиб, осмонга боққанча илтижо қиларкан, қўлидаги кишанлари ўз-ўзидан ечилиб кетади ва у омон қолади. Вақт ўтиб, у бу манзилни “бандикушод” деб атайди ва зиёратгоҳга айлантириб, обод этади.
“Банди” форс- тожикчада “боғланган”, “кушод” эса “очилган” деган маънони англатади.
Зиёратгоҳ собиқ иттифоқ даврида эътибордан четда қолиб, хароба аҳволга тушган эди . Ҳатто ўтган асрнинг 80-йилларида бутунлай бузиб ташланади. Истиқлол шарофати билан зиёратгоҳ яна янгидан барпо этилади.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2019 йил 4 октябрда Моддий-маданий мероснинг кўчмас мулклари рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган. Бугунги кунда энг сўлим ва тароватли гўшага айланган ушбу маскандан зиёратчилар ва сайёҳларнинг қадами узилмайди.
Хуршида АМРИЕВА,
Самарқанд вилояти
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws