Қиз фарзанд – жаннат калити
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Осмонлар ва ернинг мулки Аллоҳникидир. У Зот Ўзи хоҳлаган нарсани яратади. Кимга хоҳласа, қизлар беради, кимга хоҳласа, ўғиллар беради” (Шўро сураси, 49-оят).
Демак, қиз фарзанд ҳам Аллоҳнинг неъмати бўлиб, уни камситиш ёки ёмон кўриш жоҳилият одатларидан ҳисобланади.
Ота-онага берилган энг катта масъулиятлардан бири фарзандни тўғри тарбиялаш, уни ҳимоялаш ва назоратсиз қолдирмасликдир. Айниқса, қиз фарзанд тарбиясига Исломда алоҳида эътибор берилган. Чунки қиз – номус билан боғлиқ бўлган нозик омонатдир.
Баъзан ота-оналар турли сабаблар билан қизларини қаровсиз қолдириб ёки қўшнилар, бегона одамлар қўлига ташлаб қўйишади. Бу эса катта хатарларга, ахлоқий бузилишларга ва гуноҳларга сабаб бўлиши мумкин. Қуръон ва ҳадисларда фарзандга бепарво бўлиш қаттиқ қораланган. Қиёмат куни ота-оналар фарзандлари хусусида сўралади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги хушхабарни берганлар: “Ким икки қиз фарзандни тарбиялаб вояга етказса, қиёмат куни мен билан бирга бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Аён бўлмоқдаки, қизни тарбия қилиш – савоб, уни асраш – жаннатга йўл, қаровсиз қолдириш – катта хатардир. Қиз бола назоратсиз қолса, ёмонларга қўшилиши, ҳаё-иффати кетиши мумкин…
Қиз бола яхши тарбия топса, солиҳа аёл, меҳрибон она бўлади. Аёл тузук бўлса, жамият яшнайди. Акси бўлса, жамият пойдевори бўлган оила пароканда бўлади.
Аждодларимиз қизларини қаттиқ назорат қилишган. Уларга астойдил одоб ўргатишган, бегона жойларга ёлғиз юборишмаган. Улар қиз – номус, қиз – омонат, қиз – масъулият эканини ҳси қилишган. Бу, айниқса, ҳозирги хатарли замонда – интернет, телефон, виртуал оламдаги чалкаш муҳит кенг ёйилган даврда янада долзарбдир.
Қиз фарзанд – раҳмат ва барака сабаби. У одатда меҳрибон, шафқатли ва ота-онага яқин бўлади. Қизларнинг тарбиясида сабр, меҳр ва масъулият талаб қилинади. Шу туфайли бу амалнинг савоби ҳам катта бўлади.
Уламолар ҳадисларга таяниб бундай хулоса қилганлар: қиз фарзандни камситмаслик, унга яхши тарбия ва илм бериш, ҳимоя этиш, солиҳа қилиб камолга етказиш ва ниҳоясида солиҳ инсонга турмушга узатиш – жаннатнинг калитларидандир.
Ислом қиз фарзанднинг қадрини баланд қилди. Биз ота-оналар ҳам уларни чиройли парваришлаб, ажойиб хулқ билан вояга етишларида жидду жаҳд қилишимиз зарур. Фақат тарбиясига эмас, балки яхши еб-ичишлари, саломатликлари, илму маърифатларига ҳам катта эътибор бермоғимиз даркор.
Пошшахон ЭШОНХОН қизи,
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ислом ўрта махсус
таълим муассасаси ўқитувчиси
http://hidoyatuz.taplink.ws