Беҳуда нарсалар умрни баракасиз қилади
Мўмин ўзига фойдаси бўлмаган беҳуда нарсалардан йироқ бўлиши лозим. Муъминун сурасининг аввалги оятларида бундай марҳамат қилинади: “Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушу қилувчи, беҳуда нарсалардан юз ўгирувчилардир” (1–3-оятлар).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Кишининг ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк қилиши унинг Исломининг гўзаллигидандир” (Имом Термизий ривояти).
Адолатпарварлиги билан танилган халифа, тобеин Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Гапини амалидан деб билган киши фойдасиз гапларни гапирмайди. Чунки инсон ўзига фойдаси бўлмайдиган ишларни қилмаслиги керак”.
Луқмони Ҳакимдан: “Бундай улуғ мақомга қандай эришдингиз?” деб сўрашганида, “Чинсўзлик, омонатдорлик ва ўзимга алоқаси бўлмаган ишларни тарк этиш билан”, деб жавоб берган.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Уч нарса ақлни зиёда қилади: уламоларнинг суҳбатида ва солиҳларга яқин бўлиш ҳамда ўзига алоқаси бўлмаган мавзуда гапирмаслик”.
Шунинг учун ўтган солиҳлар нафсиз гаплардан тийилишган. Улар Аллоҳ таолони зикр қилиш, Қуръон ўқиш, бирор савол сўралса, жавоб бериш билан машғул бўлишган, касб ўрганишган ва ўргатишган.
Беҳуда иш ва гап-сўзлар билан машғул бўлиш азиз умрни, вақтни самарасиз, баракасиз қилади.
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws