Ризқи бутун хонадон
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Жума намозидан қайтиб, супа четида турган қопга кўзим тушди. Аёлимдан нималигини сўрадим. У “Набираларингизнинг таъмирталаб пойабзаллари, орасида ўзимизники ҳам бор. Дониёрга устага олиб бор десам, унамаяпти”, деди. Набирам билан қишлоғимиз четидаги косиб Расулбекникига йўл олдик.
Косиб бизни кўрибоқ саломлашиб, уйига таклиф қилди. Мен: “Ука, ишни давом эттираверинг, чойни шу ерда ичамиз”, дедим. Устахона шинамгина. Таъмирланган пойабзаллар пештахтага чиройли тахланган. Эгаларининг исмшарифлари ва хизмат ҳақи ҳам ёзиб қўйилган. Уста мени буюмларга эътибор билан қараганимни кўриб: “Энди домла, буюртмани қабул қилаётганимизда мижоз билан савдолашамиз. Тайёр бўлганида, мен ишда бўламанми-йўқми, мижоз сарсон бўлмасдан уйдагилардан олиб кетаверади”, деди.
Набирам билан 8–10 жуфт пойабзални топширдик, савдолашдик. Зарурларидан беш жуфтини уч соатларда таъмирлаб беришини, қолганини 2–3 кундан кейин тайёр бўлишини айтди.
Гурунг асносида деразадан кўриниб турган ҳовлига кўзим тушди. Ҳамма жой саранжом-саришта. Дарахтларга шакл берилган, оқланган. Томорқа шудгор қилиниб, жўяклар олиниб, экишга шай. Супада “Нексия” турибди. Айвонда тахлаб қўйилган олти тандирга кўзим тушиб, хурсанд бўлдим. Сабаби, унинг отаси марҳум Бозорбой бобо тандирчи эди. Хуллас, ҳовлига қараб устага ҳурматим янада ошди.
Эътиборлиси, улар оилавий меҳнаткаш, ибодатда ҳам қоим инсонлар. Ўғли ҳам тиним билмайди, аёлию келинлари ҳам маҳалла-кўй тадбиру тўйларига турли ширинлигу пишириқлар етказиб беради. Бир сўз билан айтсам, уларнинг меҳнатсев арлиги ва тақвосига ҳавас қилдим. Мана, пешона тери билан ҳалол пул топиб, рўзғорни бут қилиб қўйса бўларкан-ку! Афсуски, ҳамма оилалар ҳам шундай эмас.
Нариги маҳаллада яшовчи бир хонадонни биламан. Оила бошлиғи ва аёли нафақада. Бир ўғил, икки қизи эса вояга етган бўлса-да, тайинли бир ишнинг бошини тутмаган. Ҳафтада бир бўладиган бозорда у-бу нарса олиб сотишади. Тирикчиликнинг айби йўқ. Аммо бошқа пайт бекор қолишади. Уй-жойлари ҳам бир авҳолда. Буларни кўриб, одам меҳнат қилиб азиз бўларкан-да, деб ўйлаб қоламан…
Эшмурод ПЎЛАТОВ,
Хатирчи тумани
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws