Ижтимоий тармоқнинг заҳарли қармоқлари
Бугун ахборот хуружи шу қадар кўпайдики, ўсмирлар у ёқда турсин, ақлу ҳушини йиғиб олган кишилар ҳам интернетда берилган хабарларнинг қай бири тўғри, қай бири нотўғри эканини ажратиши қийин бўлиб қолди. Шу боис бундай шароитда ҳар бир ота-она фарзандларига йўл-йўриқ кўрсатиши, уларни мунтазам назоратда тутиши ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва долзарбдир.
Қанийди оталар ўғиллари билан, оналар эса қизлари билан яқин дўст, ҳамфикр ва сирдош бўлишса. Афсуски, айрим оила бошлиқлари фарзандлари тарбиясини уй бекаси зиммасига юклаб қўя қолишади. Ўзларини оила ташвиши ва катта ишлар билан банддек кўрсатишади. Шу тўғрими? Ахир, ўғилга бериладиган тарбияни она, қизга бериладиган тарбияни эса ота эплай олмайди.
Сўнгги йилларда вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар ва ижтимоий тармоқдаги «қармоқлар» гирдобига тушиб қолганларнинг аксарияти оиласида ота ёки онанинг меҳрига тўймаган, уларнинг тарбиясидан бебаҳра ёшлар экани аниқланмоқда. Фарзанд ўзи муҳтож бўлган одоб ва тарбияни бобо-бувилари, ота-оналари, ака-укаларидан ололмаса, бошқа жойнинг «тузоғи»га илинади.
Маънавиятидаги ана шу бўшлиқни тўлдириш илинжида кўчага чиқиб «дўстлар» орттиради. Табиийки, ҳали яхшилик ва ёмонликни, эзгулик ва ёвузликни, оқу қорани ажрата олмайдиган ўсмир яхши гапирган одамнинг таъсирига тушади. Бу эса жуда хавфлидир.
Ёшлар олтиндан-да қиммат вақтларини ҳар хил фойдасиз ишларга сарфлашлари исрофдан бошқа нарса эмас.
Ёлғон гап ва миш-мишлар ўчоғи
Ижтимоий тармоқ воситаларидан фойдалана бошлаган киши дастлаб жиддий, сўнгра эса бўлар-бўлмас гап-сўзлар, ҳеч кимга фойдаси йўқ маълумот ва хабарларни ёзишга одатланиб қолади. Мазкур инсонлар ҳақидаги асоссиз гап-сўзлар бир суҳбатдан бошқасига жойлаштирилади ва хабар текширилмасдан кейинги мулоқотлардаги танишларига юборилади.
Кимнингдир бепарволиги сабаб тарқатилган биргина ёлғон хабар натижасида қанча оилалар зарар кўриши мумкин.
Ахлоқсизлик авж олган маскан
Турли шаҳвоний латифалар, беҳаё расмлар ва андишасиз тасвирларга бой видеолар ёшлар онгига салбий таъсир қилиши аниқ. Бунинг натижасида улар динда қаттиқ қайтарилган зинодан ўзларини тия олмасликлари мумкин.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир» (Исро сураси, 32-оят).
«Лайк»ка ўчлик
Ижтимоий тармоқлар орқали фикр билдириш ва унинг ортидан мақтов («лайк»)ларни қўлга киритишга уриниш бугунги ёшларни тобора ўз домига тортиб, маънавияти ва хулқига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бунинг салбий томони шундаки, фойдаланувчи бундай мақтов («лайк»)ларни яна олишни ва тобора кўпайтиришни истайди, шундан қалбида роҳат туяди. Бу роҳатланиш оқибатида улар виртуал оламга буткул шўнғиб, атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлган ҳолда ташқи дунёдан узиладилар.
Ижтимоий тармоқларга боғланиб қолган ёшлар бошқалар билан жонли мулоқотда қийналади, одамовига айланиб, дўстлашишда адашади, бировга ҳамдардлик билдириш ҳақида умуман бош қотириб ўтирмайди. Фақат ижтимоий тармоқда танишган «дўст»ларининг фикри билан иш кўрадиган бўлиб қолади.
Шуни унутмаслик керакки, тарбияни кечиктиришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Ёшлар ўртасида китоб мутолаасига иштиёқни ошириш зарур. Қўлида смартфон ёки планшет эмас, китоб тутган боланинг дунёқараши кенг, тафаккури юксак бўлади, турли бефойда ўйинлар гирдобига тушмайди.
Зеро, теран тафаккурли, маърифатли ва юксак маънавиятли авлодни ҳеч ким енга олмайди.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг «Ёшларга насиҳатим» китобидан
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 7-сонидан олинди.
http://hidoyatuz.taplink.ws