Ислом 2010 – 2020 йилларда дунёдаги энг тез тараққий топган дин бўлди – тадқиқот
2010 – 2020 йиллар оралиғида Ислом дунёдаги энг тез суръатларда тараққий топган дин бўлди. Бу ҳақда кенг қамровли тадқиқот натижаларига таяниб, “Pew Research Center” нашри маълум қилди.
Тадқиқот хулосалари қатор халқаро оммавий ахборот воситаларида ҳам ёритилди.
Ҳисоботга кўра, ўн йил давомида мусулмонлар сони бошқа ҳар қандай диний тоифага нисбатан тезроқ кўпайган. Бунга асосан мусулмон мамлакатларида туғилиш даражасининг юқорилиги ҳамда аҳолининг нисбатан ёш таркибга эга экани сабаб бўлган.
Тадқиқот маълумотларига кўра, дунёдаги мусулмонлар сони тахминан 347 миллион кишига ортиб, қарийб 2 миллиард нафарга етган. Шу тариқа, Ислом дунёда аҳолиси сони жиҳатидан иккинчи ўриндаги дин сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаб, биринчи ўринда турган насронийлик билан орадаги фарқни аста-секин қисқартирмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, демографик омиллар бу жараёнда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ўртача ҳисобда мусулмон аҳолиси бошқа диний тоифаларга нисбатан ёшроқ бўлиб, бу эса туғилиш кўрсаткичларига бевосита таъсир қилади.
Шунингдек, айрим минтақаларда аҳолининг табиий ўсиш суръатлари ҳам юқори даражада сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга, насронийлик ҳануз дунёдаги энг йирик дин бўлиб қолмоқда. Бироқ унинг ўсиш суръатлари жаҳон аҳолиси ўсишининг ўртача даражасидан пастроқ экани кузатилмоқда. Айрим мамлакатларда эса насроний аҳолининг улуши камайиб бораётгани қайд этилган.
Мусулмон аҳолининг географияси
дунёдаги мусулмонларнинг энг катта қисми Осиё – Тинч океани минтақасида яшайди. Бу ерда тахминан 1,2 миллиард мусулмон истиқомат қилади.
Иккинчи ўринда Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақаси бўлиб, бу ҳудудда қарийб 414 миллион мусулмон яшайди.
Учинчи ўринни эса Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган Африка мамлакатлари эгаллайди. Бу ерда мусулмонлар сони 369 миллион нафарга яқин.
Шу билан бирга, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка аҳоли таркибида мусулмонлар улуши энг юқори бўлган минтақа ҳисобланади – бу ерда аҳолининг тахминан 94 фоизи мусулмонлардан иборат.
Бироқ Ислом кўпинча ушбу минтақа билан боғланишига қарамай, дунё мусулмонларининг атиги бешдан бир қисми шу ерда яшайди.
Тадқиқотда алоҳида қайд этилишича, Европа ва Шимолий Америкадаги мусулмон жамоатчилиги сони нисбатан кам бўлса-да, уларнинг ўсиш суръатлари мусулмон бўлмаган аҳолига қараганда юқорироқдир. Таҳлилчиларнинг фикрича, яқин ўн йилликларда ҳам ушбу тенденциялар сақланиб қолиши мумкин.
Агар ҳозирги ўсиш суръатлари давом этса, Исломнинг жаҳон аҳолиси таркибидаги улуши янада ортиб боради ва XXI аср охирига келиб мусулмонлар сони насронийлар сонига яқинлашиши мумкин.
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.