Бачканаликдан уялишмаяпти
Тошкент марказидаги хиёбонлардан бирида эдим. Об-ҳаво илиқ, одам кўп. Кимдир боласи билан сайрда, бошқалар китоб ўқиётган, яна биров шунчаки ҳордиқ чиқараётган эди.
Шу пайт хиёбон марказида бир гуруҳ йигит-қизлар пайдо бўлди. Қўлларида штатив ва телефон, юзларида грим, ҳаракатларида сунъийлик кўзга ташланади. «Видео олишяпти», деб ўйладим.
Йигитлардан бири нотаниш кишининг елкаси узра қулоғига:
— Боо! — деб бақирди.
Катта ёшли одам экан, қаттиқ чўчиганидан қўлидаги телефон ерга тушди. Қизлар дув этиб кулишди, камера ёқилган, ҳаммаси ёзиб олинмоқда эди.
Шундан сўнг йигит камерага қараб:
— Яна бир пранк! Обуна бўлинглар, лайк босинглар! — деди.
Булар атайин «тренд» учун эди. Лекин бу манзарага гувоҳ бўлганларда кулги эмас, ачиниш ва нафрат кучлироқ эди. Кекса киши елкасини қисиб, у ердан кетди. Бошқа бир одам: «Қандай қилиб ёшлар бу даражага тушиб қолди?» дегандек бош чайқади…
Биз ҳамиша кексаларни ҳурмат қилиб келган халқмиз. Ёшларимиз нуронийларни кўрганида қўллари кўксида бўлган ҳолда салом бериб, хизматларига шай туриш ўрнига, айниқса эртага она бўлиб миллатни тарбиялайдиган сингилларимизнинг масхараомуз, ҳурмача қилиқларидан дилинг хира тортади.
Ҳолбуки, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кичикларга раҳм-шафқат қилмаган ва кексаларимизнинг қадрларини билмаганлар биздан эмас», дея огоҳ этганлар (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Ижтимоий тармоқлар кундан-кунга ривожланиб, кўплаб мушкулотларимизни осон қилаётган бўлса, бошқа томондан ўз домига тортмоқда ҳам.
Ён-атрофимизга назар ташласак, катта-ю кичикнинг қўлида уяли алоқа воситаси борлигига гувоҳ бўламиз. Ёш болаларга ҳам овунчоқ, бироз жим ўтирсин деб телефон тутқазиб қўямиз.
Айрим ёшлар обуначилари сонини кўпайтириш мақсадида кўнглига келган ҳар қандай бачкана ва тутуриқсиз ишларни қилишдан уялишмаяпти.
Азизлар, ҳали навниҳол гўдакларимиз тарбиясидан ғафлатда қолмайлик. Ёшлигидан уларнинг қалбида китобга муҳаббат, илмга иштиёқ уйғотиш барчамизнинг вазифамиздир. Зеро, ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир.
Дилдора ФАЙЗУЛЛАЕВА,
ЎзЖОКУ талабаси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws