Ҳаж зиёратчиларига Қуръони карим маъноларининг 80 тилга таржима қилинган китоблари тарқатилмоқда
ИҚНА сайти хабар қилишича, Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги Икки Муқаддас Масжид ходими номидан ҳаж зиёратчиларига Қуръони карим китоби ва ундаги оятлар маъноларининг турли тилларга таржима қилинган китобларни совға қилиш ишларини бошлади.
Ушбу хайрли ташаббус доирасида 1447 ҳижрий санадаги ҳаж мавсуми якунлангач, мамлакатни ҳаво, қуруқлик ва денгиз чегаралари орқали тарк этаётган ҳожиларга, шунингдек, ҳаж тадбирларининг муваффақиятли ўтишида иштирок этган ходимларга Қуръони карим китоблари тарқатилмоқда.
Подшоҳлик совғаси сифатида жами 1,9 миллион ададдаги Қуръони карим китоблари тарқатилиши режалаштирилган. Ушбу китоблар “Подшоҳ Фаҳд номидаги Қуръони каримни чоп этиш мажмуаси” томонидан нашр этилган бўлиб, зиёратчилар учун Қуръони карим маъноларининг 80 та халқаро тиллардаги таржима китоблари ҳам тайёрланган. Бу эса турли миллат вакиллари бўлган Байтуллоҳ ҳожиларига Аллоҳнинг каломини яхшироқ англаш имконини беради.
И.Аҳмедов тайёрлади.