Уч сўм
Қаҳратон қиш. Ҳамма ёқ оппоқ қор билан қопланган. Изиллаган совуқ бўлишига қарамай, болалар мактаб ҳовлисида югуришарди.
Мактабимиз директори Абдураҳмон Жўраев мени чақиртириб қолди. Қўрқиб кетдим. Чунки «Директор хонасига!» дейилса, ҳар қандай ўқувчи йиғлаб юборарди.
Минг ўйда пастга тушдим. Эшикни аста тақиллатдим.
— Киринг! — деган овоз эшитилди. Аммо киришга журъат қилолмасдим. Сўнгра «Кирсинлар» деган сўз такрорланди. Қўрққанча ичкарига кирдим. Салом бердим, не кўз билан кўрайки, онам директор ҳузурида хафа бўлиб ўтирарди. Бир онамга, бир директорга қарадим.
— Нега қаққайиб турибсиз? Ўтиринг! — деди директор кинояли оҳангда.
Аввал директор онамдан ҳол сўради:
— Нима гап? Қандай арзингиз бор?
— Муҳим бир иш билан олдингизга келишга мажбур бўлдим. Биласиз, оталари ногирон бўлса-да, косиблик қилиб пул топади. Шунга қаноат қиламиз. Кеча рўзғорга деб уч сўм пул берганди. Эрталаб қарасам, камзулимнинг чўнтагидаги уч сўм пул йўқ, — дея онам гапини давом эттира олмай йиғлади.
Бироздан сўнг кўз ёшини артиб:
— Шу тўнғичимдан шубҳам бор. Қолган болаларим тузук. Йўқчилик қурсин, йўқчилик, — деди онам.
— Қўйинг, йиғламанг! Ҳозир бу масалани ечамиз, — деди директор энсаси қотиб.
— Хўш, Анваржон? Мен кимман? Айт! Нега индамайсан?
— Сизми?.. Сиз устозим…
— Бу аёл ким бўлади?
— Онам бўлади!
— Аниқми? Кўкрак сути бериб ўстирган аёл-а?! Баракалла, ўғлим! Онанг айтган гаплар ростми? Биласан, яширсанг ҳам, бир кун сир очилади. Одамлар орасида «ўғри» деган номинг чиқади.
Бошимни кўтаролмай қолдим:
— Ҳамма гапингиз тўғри, рост! Мен олдим, мен олдим, – дедим.
– Тўхта! Тўхта! Хўш, Анвар… Қани айт-чи, нега онангнинг пулини бесўроқ олдинг?
— Шунинг учунки… Катта танаффусда ҳамма болалар ошхонада иссиқ «суп-горох» ичишади. Мен эса… тамшаниб бир чеккада тураман. Бошқа болалардан нимам кам? Мен ҳам суп-горох ва шакарли чой ичишни хоҳлайман! Нима қилай? Мана! — дея чўнтагимдан уч сўмни чиқариб стол устига қўйдим.
— Ойижон, мени кечиринг! Ойижон, сизни яхши кўраман! — дедим-у, баданимдан совуқ тер чиқиб кетди.
— Жуда яхши. Бўлмаса, гап бундай… Сен ташқарига чиқиб тур, кейин кирасан! — деди директор.
Ташқарига чиққач, қилган ишимга чидай олмай йиғлай бошладим. Онамни директор олдида мулзам қилганим бундан ҳам аламли эди. Қуйилиб келаётган кўз ёшларимни тўхтатолмасдим. Йиғлаётганимни онам ҳам, директор ҳам эшитиб турарди.
Директор мени қайтиб чақирмади ҳам, уриб-сўкмади ҳам. Уйда ҳам онам отамга ҳеч нарса демади.
Эртаси куни нонуштада дастурхон четида укаларим ва мен учун йигирма тийиндан пул турарди. Онамдан жуда хурсанд бўлиб мактабга кетдик. Шу кундан бошлаб кунора мактабга пул билан борадиган бўлдик.
Орадан йиллар ўтиб, беш фарзанд ҳам олий маълумотли бўлдик. Урушдан кейинги ўша оғир дамларни эсласам, ота-онам фақирона ҳаёт кечириб, беш боланинг хархашасини ва барча қийинчиликларни қандай енгган экан-а, деб ўйлаб қоламан.
Аллоҳ уларнинг жойларини жаннатдан қилсин!
Фазлиддин Абдуназаров,
Қува шаҳри
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws