Қайта тирилишнинг илмий асослари
Ёсин сурасининг 33–35-оятларида: «Ўлик (қўриқ) ер улар учун (қайта тирилишга) бир аломатдир, Биз уни (сув билан) тирилтирдик ва ундан (турли) донларни ундириб чиқардик. Бас, улар ундан емоқдалар. Яна Биз унда (ерда) хурмозор ва узумзор боғларни (пайдо) қилдик ва у ерда булоқларни оқизиб қўйдик, токи (одамлар) мевасидан есинлар. Ҳолбуки, у (мевалар)ни ўз қўллари (билан) қилмаган эдилар. Ахир шукр қилмайдиларми?!» деб марҳамат қилинган.
Қуп-қуруқ тупроқдан турли-туман ўсимликларнинг униб чиқиши қайта тирилишга ёрқин мисол. Имом Мотуридий шунга ўхшаш исботларни назарда тутиб, кўз билан кўриш мумкин бўлган бир қатор мисолларни ҳам келтириб ўтади.
Рум сурасининг 50-оятида: «Аллоҳнинг раҳмати (ёмғири) асоратларига боқинг: ер “ўлгани”дан кейин қандай қилиб уни “тирилтиради”. Албатта, У (Аллоҳ) ўликларни тирилтирувчи ва У ҳар нарсага қодир Зотдир», дейилган.
Ер юзидаги турли – туман , ранг-баранг ўсимликлар куз, қиш фаслида қуриб, баҳорда яна қайтадан жонланиб, ўсиб чиқади. Инсон шуларни тафаккур қилар экан, Аллоҳ таолонинг қудратини ва қайта тирилтиришга қодир эканини англайди. «У сизлар учун яшил дарахтдан олов пайдо қилган Зотдир. Бас, сизлар ўшандан олов ёқурсизлар» (Ёсин сураси, 80-оят).
Ўлимдан кейин қайта тирилиш ақл учун имконсиздек кўринса-да, борлиқдаги нарсалар ва жараёнлар ҳақида чуқур тафаккур қилиш орқали унинг мумкинлигига амин бўламиз. Масалан, кўклаб турган ям-яшил дарахт меваси, соя-салқини билан инсонга наф беради. Охир-оқибат ўтинга айланиб, ёқилғи вазифасини ўтайди, исиниши, таом пиширишини таъминлайди. Шу тариқа асоси сув бўлган дарахт ўзига буткул зид бўлган нарсага – осон ёнувчи моддага айланади. Бу эса имконсиз кўринган нарсанинг маълум бир жараёндан ўтиб, мумкин нарсага айланишига ёрқин мисолдир.
Ёсин сурасининг 37-38-оятларида: «Тун ҳам улар учун (қудратимиздан) бир аломатдир. Биз ундан кундузни суғуриб олишимиз биланоқ бирданига улар зулматда қолурлар. Қуёш (тинмай) ўз қароргоҳи сари сайр қилур. Бу Азиз (қудратли) ва Алим (билимли Зот)нинг ўлчовидир», деб марҳамат қилинади. Кечаси кундуздан, кундуз эса тундан ҳеч қандай асар қолмаслигига қарамай, ўз вақтида кундуз бутун ҳоли билан ўртага чиқади ва барча тирик жон учун ҳаёт манбаига айланади. Бу мисол ҳам Аллоҳнинг халойиқни қайта тирилтиришга қодир эканини яна бир бор тасдиқлайди.
(Давоми бор.)
“Имом Мотурудийнинг тафаккур дунёси” асаридан.
Музаффар КОМИЛОВ ва Абдумурод ТИЛАВОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws