Дубай Қуръон радиоэшиттириши – мўътадил диний онгни юксалтириш йўлида ўн йил
IQNA. Дубай Қуръон радиоэшиттириши ўз фаолиятининг ўн йиллигини нишонламоқда. Мазкур радиоэшиттириш ўтган ўн йил давомида Қуръони карим рисолати ва масъулиятли оммавий ахборот воситалари қадриятларини уйғунлаштирган ихтисослашган медиа минбар сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлади.
Радиоэшиттириш мазмунли ва мақсадли дастурлари орқали жамиятда мўътадил диний онгни шакллантириш, миллий ва маънавий қадриятларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб келмоқда. Унда анъана ва замонавийлик уйғунлашган бўлиб, мамлакат ичидаги ва хориждаги турли соҳадаги тингловчиларга мурожаат қилинади.
91,4 FM тўлқини орқали эфирга узатила бошланганидан буён Дубай Қуръон радиоэшиттириши анъанавий эшиттириш тушунчасидан анча кенг қамровли медиа моделига айланди. Диний, маърифий, маданий ва ижтимоий дастурлар орқали исломнинг бағрикенглик ва эзгуликка асосланган таълимотлари тарғиб қилиниб, мўътадиллик, ватанпарварлик, миллий мерос ва маданий қадриятларни асраш ғоялари кенг ёритилди.
Марказ бош директори Абдуллоҳ Ҳамдам Далмук таъкидлашича, радио ўтган ўн йил мобайнида диний рисолани инсон тарбияси ва жамиятда қадриятлар тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи маърифий – маданий лойиҳага айлантира олди. Унинг фикрича, мақсадли ва фойдали оммавий ахборот воситалари миллий ўзликни сақлаш ва жамият бирдамлигини кучайтиришда муҳим ўрин тутади.
Марказнинг радиоэшиттиришлар бошқармаси директори Natalie Joseph Ovadisian эса радионинг муваффақиятлари аниқ медиа стратегия, сифатли контент, дастурларни доимий такомиллаштириш ва рақамли платформаларда иштирокни кенгайтириш самараси эканини қайд этди. У келгусида ҳам инновацион медиа ечимлар орқали Қуръони карим хизмати ва жамиятда мўътадил диний онгни мустаҳкамлаш йўлидаги ишлар давом эттирилишини билдирди. Манба: Айн ахборот портали.
И.Аҳмедов тайёрлади.