Яхшиликнинг мукофоти
Давронжон ёшлигидан бошқаларга кўмак беришни одат қилган эди. Ҳар куни мактабга синфдошлари учун сумкасида қўшимча дафтар ёки ручка олиб борарди. Бугун у – тадбиркор. Топган даромадидан хайрли ишларга сарфлашни канда қилмайди. Укаси Темурбек ҳам унинг савоб ишларига шерик. Кам таъминланган, эҳтиёжманд инсонлардан кўмагини аяшмайди. Байрамларда уларни озиқовқат ва бошқа зарур маҳсулотлар билан йўқлаб туришади.
Поплик саховатпеша ака-ука шаҳар ва қишлоқларнинг ободлиги, вилоят аэропорти, туман истироҳат боғининг қайтадан барпо этилиши, мактаб, боғча, кўприк ва йўл қурилишига ҳам ҳисса қўшдилар. Оддий мисол, уларнинг саъйҳаракати билан Поп шаҳридаги Кичик Хўжаобод жомеси таъмирланиб, масжид ҳовлисига кўплаб мевали ва манзарали кўчатлар экилди. Шу кунларда эса Парда Турсун қишлоғидаги “Имом ота” масжиди янгича кўринишга келтирилмоқда. Қолаверса, Давронбек ҳожи ҳомийлигида қурилган спорт иншоотлари, ўйингоҳлар ҳам ёшлар билан гавжум.
– Қишлоғимиз кўчалари қишда лой, ёзда чанг-тупроқ эди, – дейди Келачи қишлоғида яшовчи Муборакхон Раҳимова. – Давронбек ҳожи ўз маблағлари ҳисобига бу муаммони ҳал қилди. Шунингдек, маиший хизмат кўрсатиш, савдо шохобчалари қуриб берди, боғча ва мактабларимиздаги шароитларни яхшилади. Ҳозир қишлоғимиз шаҳардан қолишмайди.
Яна бир ибратли иши, неча-неча юртдошларини ҳаж ва умра сафарларига жўнатди. – Давронбекни бошланғич синфда ўқитганман, – дейди Турсуной Ғафурова. – У бир куни менга: “Устоз, биламан, болалар ва китобсиз яшай олмайсиз”, деб қишлоқ марказида катта кутубхона очиб, мени мудир қилиб тайинлади. Фақат қишлоқдошларимиз эмас, бутун туман аҳолиси ахтарган сара китобларни шу ердан топмоқда. Камига мени умра сафарига ҳам юборди, доимо иссиқ-совуғимдан хабардор бўлиб туради.
Давронбекдаги бу фазилатлар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Бу борада уни тарбиялаб ўстирган Нурмуҳаммад ҳожи ота ва Зайнабхон ҳожи онанинг хизматлари беқиёс. Узоқ йиллар ҳуқуқшунос бўлиб ишлаган бу инсонлар фарзандларини ҳалол яшашга, одамларга фойда келтиришга ўргатишди. Зайнабхон ая Ҳайдарова Президентимиз қўлидан “Мўътабар аёл” кўкрак нишонини олди.
– Шарқ мутафаккир шоири Муслиҳиддин Саъдийнинг “Ёмон ҳам ўтар, яхши ҳам – яхши бил, Сени яхши ном бирла ёд этсин эл” деган сатрларини ёқтираман, – дейди Зайнабхон ая. – Ўғилларимга шу байтни қайта-қайта айтишдан асло чарчамайман. Зеро, эл-юртга садоқатли бўлсанг, ҳалол ишласанг, Ватан равнақи учун жонбозлик кўрсатсанг, қўлингдан келганча барчага яхшилик қилсанг, икки дунёда азиз бўласан.
Ҳа, инсон умрини эзгу амаллар безайди. Зеро, яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир.
Валияхон САИДОВА,
Ўзбекистон журналистлари уюшмаси аъзоси
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws