Мажнунтол
Албатта, дарахтнинг ўсиши вақт талаб қилади – у инсонда тоқатлилик ва интизомни ривожлантиради. Муҳитга эҳтиром уйғотади: табиатга масъулият билан қарашга ўргатади. Келажакка сармоя бўлади: инсон дарахтни ўзидан кейин келадиганлар учун экади – бу эса олийжаноблик белгиси.
Мажнунтол ҳам бошқа дарахтларга ўхшаб ҳавони тозалайди, ҳаво ҳарорати мўътадил бўлишига ва шовқинни пасайтиришга ҳисса қўшади, ернинг эрозияга учрашининг олдини олади, жазирама иссиқда одамларга соя солади, қушлар, ҳайвонлар ва ҳашаротларга бошпана вазифасини ўтайди.
Мажнунтол боғларга гўзал манзара беради. Ёзда кенг сояси билан инсонларга дам олиш учун қулай жой ҳосил қилади. Сув бўйларида ернинг ювилишига қарши фойдали. Ёғочи енгил ва юмшоқ, халқ ҳунармандчилигида ишлатилади. Халқ табобатида айрим тол навлари, жумладан, мажнунтолнинг барги ва пўстлоғи ҳам анъанавий тиббиётда ишлатилиб келган, чунки уларда табиий салицил кислотаси (аспирин) бор.
Мажнунтол шеърият ва санъатда ғамгинлик, ўйчанлик, тафаккур рамзи сифатида талқин этилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларини деҳқончилик, хусусан, кўчат экишга тарғиб қилиб бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва бирортангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин”(Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).
Ушбу ҳадис дарахт экишнинг аҳамиятини ҳатто қиёматга яқин вақтда ҳам кечиктирмаслик кераклигини кўрсатади.
Ҳар йили баҳорда миллионлаб дарахт кўчатлари экилади. Кейин уларнинг аксари қуриб кетади. Чунки уларга қарашга, суғоришга масъул шахслар тайинланмайди. Экилган дарахтларнинг ҳаммаси тутиб кетишини таъминлашнинг йўли – ҳудудларга масъулларни тайинлаш ва уларга маош белгилашдир. Бундай қилинмаса, дарахт кўчатлари экилаверади ва қуриб кетаверади. Бундан давлат, жамият ва табиат зарар кўради.
Робия Дамин қизи тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws