Сўлим гўшаларни сўлитмайлик
Паркент, Бўстонлиқ, Мираки, Сангардак… Юртимизда табиати тароватли бўлган бу каби масканлар унча кўп эмас. Дам олиш кунлари бу жойлардаги тирбандликлар, турли чиқиндиларнинг яшил майдонни ифлослаши, зилол сувларда тўлиб-тошган ахлатлар дилни хира қилади.
Аҳоли гавжум табиат қўйнида чиқинди идишларининг бори ҳам яроқсиз. Шу сабаб аксар сайёҳлар бу каби қулайликларни йўқ деган баҳона билан чиқиндини атроф-муҳитга улоқтиради. Маҳаллий аҳоли: “Барака топгур, шу масканга шаҳарнинг сершовқин, ғуборли ҳавосидан қочиб келасан-у, яна ифлос қиласанми?” дея нолишади. Ва шу сабабли улар сайёҳларни, меҳмонларни хушламайди.
Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен: “Ё Расулуллоҳ, мени жаннатга киритадиган амалга далолат қилинг”, дедим. У зот: “Инсонларнинг йўлидан (уларга) озор берувчи нарсаларни олиб ташла (четлаштир)!” дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Чиқиндиларнинг табиатга зарари
Баъзи ҳудудларда бу ахлатлар анча вақтга қадар сақланиб қолади. Оқибатда жониворлар, яъни қушлар ва ҳайвонлар ҳам озор чекади. Пластик идиш, шишалар, қоғоз ўрамлари табиат қўйнида парчаланиб, йўқ бўлмасдан анча вақтгача сақланиб қолади.
Маълумотларга кўра, чиқиндиларнинг табиатда парчаланиш муддатлари қуйидагича:
- Мева қобиғи: 2–5 ҳафтада;
- Газеталар: 1–3 йилда;
- Пластик қоплар: 10–20 йилда;
- Полимер плёнка: 30–40 йилда;
- Пластик идишлар: 100–1000 йилда;
- Шиша идишлар: 4000 йилда парчаланар экан.
Демак, ташланган маҳсулотлар тўғри усулда қайта ишланиб, йўқ қилинмаса, саломатликка жиддий хавф туғдиради. Оддий қаттиқ чиқиндиларда юздан ортиқ кимёвий бирикмалар бўлади. Энг хавфлиси симоб, қўрғошин, барча турдаги бўёқ ва эритувчилардир.
Чиқиндихоналардаги чиқиндилар вақт ўтиши билан чириса-да, заҳар тупроқ ва ерости сувларига қўшилади. Ахлатларни ёқиш ҳам инсон нафас йўлларининг яллиғланишига сабаб бўлади. Энг ёмони, болалар шиша ёки металлнинг ўткир парчаси билан ўйнаши натижасида жиддий жароҳат олиши мумкин.
Муҳим тавсиялар:
- Кераксиз маҳсулотларни сотиб олманг.
- Бир марта фойдаланиб, ташлаб юбориладиган ҳар қандай буюмни харид қилмаганингиз маъқул.
- Уй жиҳозларини харид қилганингизда муддати ва сифатига эътиборли бўлинг.
- Янгисини олишдан кўра, муддати ва сифати яхши бўлса, мавжуд буюмларни таъмирлаб фойдаланайлик.
Унутмайлик, бизнинг хатти-ҳаракатимиз фарзандларимиз учун кўзгу. Табиатни асрашда ўрнак бўлайлик!
Камола АБДУМАЛИК қизи тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws