Динимиз машаққатга буюрмайди
Сўнгги пайтларда пою пиёда сафарга чиққанини ижтимоий тармоқлар орқали намойиш этаётган кишиларни кўп кўряпмиз. Кимдир юртимиз бўйлаб саёҳатга отланган бўлса, яна кимдир бошқа диёрларга, баъзилар эса ҳаж ва умра ибодатини адо қилиш мақсадида Маккаи мукаррама сари отланган.
Қулай шарт-шароит бор экан, пиёда, машаққат чекиб узоққа сафар қилиш борасида динимиз нима дейди?
Сафар қилиш яхши, албатта. Ҳадиси шарифда: “Сафар қилинглар, саломат бўласизлар”, дейилган (Имом Ибн Адий ривояти).
Сайёҳ йўл-йўлакай турли жойлардан, диёрлардан ўтади, кўплаб инсонларни учратади, улар билан ҳамсуҳбат бўлади. Кўрганкечирганларидан ибрат олади, тафаккур қилади, дунёқараши кенгаяди ва соғлом бўлади.
Сафар машаққатлардан иборат, хоҳлаймизми-йўқми, қийинчиликлар бўлиши табиий. Шу боис Аллоҳ таоло мусофирга бир қанча енгилликларни берган. Масалан, фарз намозларни қисқартириб ўқиш, фарз рўзаларни тутиш ёки тутмасликда ихтиёр берилиши ва ҳоказо.
Бундай енгилликлардан банда оқилона фойдаланиши ҳамда сафарини имкон қадар тезроқ тугатиб, ўз юртига қайтишга шошилиши лозим. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сафар азобдан иборат. Сизлардан бирингизнинг уйқусини, таомини, шаробини ман қилади. Бирингиз мақсадига эришса, аҳли томон шошилсин”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Масаланинг яна бир жиҳати, ҳаж ёки умрани адо этиш учун пиёда ёки велосипедда якка-ёлғиз сафарга отланган киши йўлйўлакай турли давлатларнинг чегараларини, тоғу довонларни кесиб ўтаётиб, иссиқ ёки совуқ об-ҳаво шароитида қийналиши, ибодатларни адо этишда машаққатга учраши, ҳатто соғлигини ҳам йўқотиши мумкин.
Сафар мобайнида киши ўзига-ўзи қийинчиликлар туғдириши ман этилади. Улов билан сафар қилиш имконияти бўлатуриб, пою пиё да йўлга чиқиш дуруст эмас. “…Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди…” (Бақара сураси, 185-оят).
Узоқ муддатли бемақсад қилинган сафар кишининг ўзи ҳамда яқинларига бир қанча ноқулайликлар туғдиради. Масалан, мусофир ёш йигит бўлса, сафар уни ота-онасининг хизматини қилишдан, илм ўрганиш ва касб-ҳунар эгаллашдан тўсади. Агар оилали бўлса, аёли ва фарзандлари нафақасини адо этишга монелик қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қарамоғидагиларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш кишининг гуноҳкор бўлишига кифоядир”, деганлар (Имом Насоий ривояти).
Ёлғиз ҳолда сафарга чиқишдан қайтарилганмиз. Чунки йўлларда ҳар хил ҳолат кузатилиши: ўғрига дуч келиш, ваҳший ҳайвон ҳужумига учраш, турли заҳарли зараркунандалар, ҳашаротлар чақиши мумкин. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамлар ёлғизликда нималар борлигини мен билганчалик билганларида эди, бирорта отлиқ кечаси ёлғиз юрмас эди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яна бир жиҳатни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик зарур. Алҳамдулиллаҳ, сўнгги йилларда умра квотаси олиб ташланиб, юртимиздан зиёратга борувчилар сони кўпайди. Бу яхши, албатта. Бироқ суннат бўлган умрани бошқа вожиб ёки фарз амалларни зое қилиш эвазига бажармаслик керак. Зотан, ҳаж йўлга қодир бўлган мусулмон кишигагина фарздир. Умра ҳам имкони етган кишига суннат.
Хулоса ўрнида шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини келтириб ўтишни лозим топдик. У киши бундай деган: “Агар мусулмон киши Ислом умматининг келажаги учун зарур бўладиган илмлар ва касб-ҳунарлар ҳақида ўйламасдан, Каъбанинг олдида бир умр ўтирса ҳам, Аллоҳ таолодан беҳожат бўла олмайди. Зеро, заводлар қуриш ҳам масжид қуришдек ажри улуғ амалдир”. Ёрбек ИСЛОМОВ,
Тошкент шаҳридаги “Охунгузар” масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 5-сонидан