Тўёна қарзми?
Бугун одамлар орасида тўй, туғилган кун ёки бошқа муносабатлар билан ўзаро олди-берди қилинадиган ҳадялар, тўёналар оммалашиб кетди. Тўёналар кўнгилдан чиқариб берилмагани, унинг қайтишидан умид қилингани учун қарз бўлиб қолади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон одамнинг моли, то у кўнгилдан чиқариб бермагунича (бошқа кишига) ҳалол бўлмайди”, деганлар (Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ва Имом Дорақутний ривояти).
Демак, ҳозирги пайтда тўёналарни ҳадя сифатида берсаккина, қарз бўлиб қолмайди. Олган одам ҳам уни қайтариши шарт бўлмайди. Акс ҳолда, яъни тўёна-ку, барибир қайтади, деб берсак, олувчининг зиммасига қарз бўлиб ёзилади.
Тўй қилаётган қариндош-уруғларимизга, яқинларимизга кўмак бўлсин, деган мақсадда маблағнинг қайтишидан умид қилмасдан ҳадя ўлароқ берсак, қарз бўлмайди. Тўй қилаётган одаминг харажати кўп бўлади. Шуни инобатга олиб, тўёнани ҳадя сифатида бериш мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, тўёнани олувчи киши ҳам уни динимиз буюрган ҳалол йўлларга сарфлаши зарур.
Тўёнани кўмак қарзи сифатида деб берсак, уни олган одам қайтариши керак. Берилган нарса жинсига қараб қайтарилади. Масалан, мен ўтган йили дўстим тўй қилганида унга 100 доллар берган эдим. Мен берганимда долларнинг курси 6000 сўм эди. Ҳозир эса 10000 сўм. Ўшанда 100 доллар 600.000 сўм эди, ҳозир 1 миллион сўм 100 доллар. Тўёна олган киши шу пулни берган ўртоғига 100 доллар қилиб қайтарса, жоиз бўлади.
Бир киши бундан 2-3 йил бурун бир ўртоғига 500 минг сўмни, қайтади деган умидда тўёна қилган бўлса, энди қайтармоқчи бўлиб, 500 минг сўмни ўша пайтдаги доллар курсига чақиб, доллар бериши ёки сўмини кўпайтириб бериши жоиз эмас. Қандай пул бирлигида олган бўлса, ўшани қайтариши керак.
Яна бир масала. Тўёна бир ёки икки ёхуд 5 килограмм гўштнинг қийматига чақилиб, пули берилса, рибо бўлиб қолмайдими, деган савол туғилиши мумкин.
Жумҳур уламолар қарзларни қиймати нисбатан кам ўзгарадиган (гўшт, нон каби) маҳсулотларга боғлаб қўйиш жоиз эмас, дейишган.
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ “Буҳус фий қазоё фиқҳийя муо сира” китобида ундай ишда рибо борлигини айтган.
Бу каби масалаларда эҳтиёт йўлини тутган афзал. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Рибони ҳам, (риболигида шубҳа бўлганида) шубҳани ҳам тарк этинглар”, деган.
Муҳаммадайюб ҲОМИДОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази масъул ходими
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 5-сонидан