Имом – зомин, муаззин – омонатдор
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Имом – зомин (жавобгар), муаззин эса – омонатдор. Аллоҳим, имомларни тўғри йўлга бошла ва муаззинларни мағфират қил!” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
“Имом – зомин”. Зомин – масъул, муҳофаза қилувчи. Имом жамоатнинг намозига масъул бўлиб, уни (хато-нуқсонлардан) муҳофаза қилади. Жамоатнинг намози имомнинг намозига боғлиқ, имомники дуруст бўлса, жамоатники ҳам дуруст бўлади. Яна бир фикрга кўра, имом дуода қавмни ҳам шерик қилади, яъни уларни ҳам қўшиб дуо қилади.
Баъзи уламолар фикрича, “имом – зомин” деган гапнинг маъноси шуки: имомнинг намози қавмнинг намозини ўз ичига олади. Шу сабабдан фарз ўқувчининг нафл ўқувчига эргашиши жоиз бўлмайди. Чунки заиф нарса кучли нарса устига бино қилинади, кучли нарса заиф нарса устига эмас. Худди шундай, фарз намоз намознинг аслини ва сифатини ўз ичига олса, нафл фақат намознинг аслини ўз ичига олади. Шунинг учун имом фарз намозини ўқиётган бўлса, унга фарз ўқийдиган ҳам, нафл ўқийдиган ҳам эргашиши дуруст.
Фақиҳларимиз ушбу ҳадисдан учта фиқҳий ҳукмни чиқарганлар: фарз ўқувчи нафл ўқувчига иқтидо қилмайди; муқтадийга қироат вожиб эмас; имомнинг бетаҳорат экани маълум бўлса, муқтадийларнинг ҳам намози бузилади.
“Муаззин эса – омонатдор”, яъни одамлар намоз вақтларининг кириши ва чиқишида, саҳарлик ва ифторлик вақтларини белгилашда унга таянадилар. Шу боис намоз вақтларини билмайдиганларнинг ва фосиқ кишининг азон айтиши макруҳдир.
“Аллоҳим, имомларни тўғри йўлга бошла ва муаззинларни мағфират қил!” Нима учун имомларга ҳидоят, муаззинларга “мағфират” сўралди? Чунки имом – зомин, жавобгар. У зиммасидаги бу кафиллик ва жавобгарликдан Имом – зомин, муаззин – омонатдор соғ-саломат ўтиб олиши учун Аллоҳ таолонинг ҳидоятига муҳтождир.
Муаззин эса инсон сифатида ўз вазифасида (вақтни белгилашда) камчиликка йўл қўйиши табиий. Шу боис у кўпроқ мағфиратга муҳтож.
Бадриддин Айнийнинг “Шарҳу Сунани Аби Довуд” асари асосида Шайхонтоҳур туманидаги “Мунаввар қори” жоме масжиди имом ноиби
Мирзақосим САИДМИРЗАЕВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 8-сонидан