Отинойи қандай бўлиши керак?
– Опажон, олдингизга маслаҳат сўраб келдим.
Маҳалла отинойиси бу ёш келинчакни уйига таклиф қилди. Жувон ийманиб гап бошлади: – Эрим менинг жавобимни берди. Лекин кейин кечирим сўради. Ўтган куни талоқ масаласида гапирдингиз. Кўпчиликнинг олдида сўрашга уялдим. Эримга айтсам, мени эшитмаяпти. Ёрдамингиз керак!..
Отинойи келинга бу масалада эри билан бирга масжид имомига мурожаат қилиши, никоҳни янгилаши лозимлигини тушунтирди. Шунингдек, Фатво марказининг расмий телеграм каналига келган жавобларда ҳам бу масала борлигини айтди:
«Талоқ лафзи очиқча айтилганда, албатта, талоқ тушади. Бу ҳолатда ният эътиборга олинмайди. Талоқ лафзини очиқча айтмай, ҳам талоққа, ҳам бошқа маъноларга далолат қиладиган лафзларни айтса, масалан: “Чиқиб кет”, “Йўқол”, “Жавобингни бердим” дегани каби, бунда эр нимани ният қилган бўлса, ўша бўлади. Яъни, талоқни ният қилса, талоқ бўлади. Талоқни ният қилмаса, талоқ тушмайди. Талоқлар сони учтага етгунча қайта никоҳланиши мумкин. Талоқлар учтага етса, эр-хотин қайта никоҳлана олмайди. Фақат аёл тўғри никоҳ билан бошқа эрга тегиб, тўлақонли эр-хотинлик алоқасидан кейин талоғини олса ва иддани тугатса, кейин аввалги эрига никоҳланиши мумкин!»
Отинойи – аёл-қизларнинг диний саволларига жавоб берадиган, маърифат улашадиган ходимадир. Озми-кўпми, бекаларнинг кундалик турмушини тўғри йўлга қўйишда, эрига муносиб жуфт бўлишда уларнинг ҳиссаси бор. Маҳаллаларда исрофга йўл қўймаслик, хурофотларга қарши курашиш, айниқса, жаноза маросимларида аёллар йўл қўяётган бидъатларнинг олдини олишга ҳаракат қилишмоқда. Қизлар тарбияси борасида, оилалар мустаҳкамлигида бевосита иштироки бор.
Бироқ “отинойи” деганда кўпчилик жуда тор ва бир ёқлама фикр қилади. Ва бунга қайсидир маънода ўзлари ҳам сабабчи бўлиб қолмоқда. “Отинойи ким?” деган саволга жавоб олиш, уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар хусусида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Дилфуза Эгамова билан суҳбатлашдик.
– Одамлар орасида обрў-эътиборли, илмли, ахлоқли, ўрнак бўларли аёллар отинойи сифатида фаолият юритишади. Уларнинг вазифаси фақат диний маросимларни ўтказиш эмас. Ҳар ҳафта режага мувофиқ маънавий-маърифий суҳбатлар олиб боришади. Бунда, албатта, уларнинг малакасини ошириш жуда муҳим. Сабаби, Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ: “Дин бу – илмдир, уни кимдан олаётганингизга қаранг”, деган. Демак, аёлларнинг диний саволларига жавоб берар эканмиз, тажрибага ёки дунёқарашимизга эмас, Қуръони карим, ҳадислар, аҳли илмларнинг фикрларига таянамиз.
Бугунги кунда диний билимга эга олий маълумотли отинойилар 7 нафарни, ўрта махсус маълумотлилари эса 97 нафарни ташкил этади. Яна 347 нафар отинойи турли ихтисосликлар бўйича олий маълумотлидир. Отинойилар ҳам бир ходима, бироқ улар хайрли ва савобли йўлдадирлар.
Ҳозирда аёллар орасида энг кўп тарқалган муаммоли масала эр-хотин муносабатларидир. Аёллар орасида талоқ, идда, қўшнининг ҳаққи, эрнинг ҳақ-ҳуқуқи, аёллик вазифаси, фарзанд тарбиясида онанинг ўрни каби кўплаб масалаларда камчиликлар бор.
Афсуски, отинойилар орасида ҳали-ҳануз бидъатга мойил бўлганлари учраб турибди. Баъзи вилоятларда “Момоларимиз шундай қилган”, дея пиликка олов ёқиши, фолбинга бориши, азада бақириб йиғлаш, арвоҳлар ва пирлар мададкор бўлсин дейиш каби бидъат амалларни қилишади. Бу эса, албатта, отинойилар билан ишлаш, уларни саралашни талаб этади.
– Жорий йил бошидан Дин ишлари бўйича қўмита билан бирга вилоятларда фаолият юритаётган отинойилар ва тарғибот гуруҳи аъзолари иштирокида ўқув-семинарларда иштирок этмоқдасиз. Бу нафақат ўқитиш, ўзингиз учун ҳам қайси масалаларни яхшилаш ва камчиликларни тўғрилашда бир имконият бўлдими?
– Дарҳақиқат, жойларга чиқиб, отинойилар билан суҳбатлашиб, чекка ҳудудларга бориб, ислоҳотлардан қувонамиз, муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Шунингдек, отинойиларнинг фаолияти бўйича ишлаб чиқилаётган қўлланма тарғиботи билан ҳам шуғулланяпмиз. Бу ҳар бир отинойи учун йўриқнома бўлиб, фаолиятини тўғри ташкил этишга кўмак беради.
Яна бош отинойиликка диний йўналишдаги таълим муассасаларини тамомлаган қизларни олиш масаласи ҳам кўриб чиқиляпти. Сўнгги йилларда мавжуд ўрта махсус исломий таълим муассасасини тамомлаган талаба қизларнинг иш билан таъминланиши ёки олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш масаласидаги натижалар қониқарли эмас. Бу борада янги ёндашув, тизимли равишда 3 йиллик диний таълимга эга қизларимизнинг дин йўлида хизмат қилишларига шароит яратиш мақсадимиз бор.
– Кузатувларингиз асосидан келиб чиқиб отинойиларга нима деган бўлардингиз?
– Ҳар бир отинойи динда эътиқод қилишимиз зарур бўлган илмларни чуқур ўрганмоғи, аҳолига Исломнинг асл моҳиятини тўғри етказишда фаол бўлмоғи керак. Шунда хатарга айланаётган миссионерлик, даҳрийлик тоифа тарафдорларининг қарашлари фуқароларимизни йўлдан оздиролмайди.
Қолаверса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ақида илми бўйича юртимиздаги ишончли уламоларнинг силсилавий дарсларини ижтимоий тармоқларга жойлаб бормоқда. Islom.uz, Mumina.uz, Muslim.uz, Fatvo.uz каби ишончли сайтларни тавсия қиламан.
Отинойи, аввало, ўз ишини виждонан бажариши, бугунги аёл-қизларнинг динга ташна қалбларини бир булоқ мисоли қондириши лозим. Шариатни нафақат билсин, балки у ҳар бир амалида акс этсин. Шундагина улар ўз вазифасини виждонан бажара олади, натижада бошқалар уларни тинглайди, оилаларда ижобий муҳит шаклланади.
Камола АДАШБОЕВА суҳбатлашди.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 7-сонидан