Аллоҳдан қўрқишнинг етти белгиси
«Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Қуръони каримнинг бир юз етмиш беш оятида тақво зикр этилиб, тақводор кишига кўплаб ажру савоблар ва юксак мартабалар ваъда қилинган.
“Кимки Аллоҳга тақво қилса, (Аллоҳ) унинг ишини осон қилур” (Талоқ сураси, 4-оят);
“Кимки Аллоҳга тақво қилса, унинг ёмонлик (гуноҳ)ларини ўчирур ва унинг мукофотини буюк қилур” (Талоқ сураси, 5-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан инсонларни жаннатга энг кўп қайси амал киритади, деб сўралганида, у зот: “Аллоҳга тақво қилиш”, деб жавоб берганлар (Имом Термизий ривояти).
Тақводор киши доим уни Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилади. Тақволи киши назарини номаҳрамлардан, беҳаёликлардан, хуллас, Аллоҳ қайтарган барча нарсалардан тийиши керак. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳой Али, биринчи назарга иккинчисини эргаштирма. Чунки биринчиси сен учун (яъни беихтиёр бўлгани учун унга жавобгар эмассан), иккинчиси эса сенинг зиёнинггадир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Тақводор киши қанча савобли амал қилса ҳам, уни оз деб билади. “Амални мукаммал қилиш – уни оз санаш билан бўлади”, дея таъкидланади “Унвонул баён” китобида. Тақво охират сафари учун энг яхши озуқадир. Кумайл ибн Зиёд ривоят қилади:
«Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу билан бирга Жаббон қабристони ёнидан ўтиб қолганимизда, у киши қабристонга қараб: “Ей қабрларда ётганлар, сизларда қандай хабарлар бор?” деб сўради. Сўнгра менга қараб: “Ей Кумайл, агар уларга жавоб қилиш учун изн берилганида: “(Охират сафарига) озиқ олиб келинг, энг яхши озиқ тақводир”, деб айтишган бўлар эди”, деди. Кейин эса йиғлаб бундай деди: “Ей Кумайл, қабр амаллар сандиғидир. Буни фақат унга кирганингдан сўнг биласан…”»
Абу Ҳомид Имом Ғаззолий “Мукошафат ул-қулуб” асарида бундай ёзади: “Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада намоён бўлади. Улар:
Тилда. Аллоҳдан қўрққан одам тилини ёлғондан, ғийбатдан, бошқаларга бўҳтон қилишдан ва бекорчи сўзлар айтишдан тияди.
Қалбда. Аллоҳдан қўрққан одам қалбида ўзгаларга душманлик ҳисси бўлмайди.
Кўзда. Аллоҳдан қўрққан кўзини ҳаромдан эҳтиёт қилади.
Меъдада. Аллоҳдан қўрққан одам ҳаром луқма емайди.
Қўлда. Аллоҳдан қўрққан одам қўлини ҳаромга узатмайди, аксинча, Аллоҳнинг ризосига уйғун нарсаларгагина узатади.
Оёқда. Аллоҳдан қўрққан одам исён йўлида эмас, Аллоҳга итоат йўлида одимлайди.
Итоатда. Аллоҳдан қўрққан одам ёлғиз Аллоҳ ризоси учун Унга итоат этади. Риёдан, инсонларга ўзини ва ишларини кўз-кўз қилишдан ва иккиюзламачиликдан сақланади.
Тақво кишининг ўзи ҳам, фарзандлари ҳам солиҳ инсонлар бўлишига ёрдам беради”.
Ғуломиддин ХОЛБОЕВ,
ЎзМИ Фатво маркази директори ўринбосари
http://hidoyatuz.taplink.ws