Россияда диабет ва семизликни даволаш учун биринчи ҳалол дорилар ишлаб чиқарилди
IQNA – Россия фармацевтика компанияси диабет ва семизликни даволаш учун дорилар учун биринчи ҳалол сертификатини олди.
IQNA сайтининг “gxpnews” нашрига таяниб хабар беришича, Россиянинг “Geropharm” фармацевтика компанияси 2-тоифа диабетни даволаш ва вазнни меъёрлаштиришда қўлланиладиган дорилар учун ҳалол сертификатини олди.
Мазкур ҳужжат Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси қошидаги Халқаро ҳалол стандартлаштириш ва сертификатлаштириш Маркази томонидан берилди. Натижада, ушбу ишлаб чиқарувчи корхонанинг дорилари Россияда Ислом стандартларига жавоб берадиган биринчи GLP‑1 дориларига айланди.
Ҳалол сертификати тақиқланган компонентлар, жумладан, этанол, чўчқа қони, ҳужайралар ва тўқималар, шунингдек, Ислом шариати қонунларига мувофиқ сўйилмаган ҳайвонлардан олинган ингредиентларни ўз ичига олмайдиган фармацевтика маҳсулотларига берилади. Ушбу дориларни ишлаб чиқариш пептид синтезига асосланган бўлиб, бу ҳайвонлардан олинган хом ашёлардан фойдаланишни бутунлай йўқ қилади. Ислом Россия Федерациясида иккинчи энг кенг тарқалган дин ҳисобланади. Кўпгина беморлар учун ҳалол сертификатлаш даволанишни танлашда муҳим омил бўлиб, шифокорларга қўшимча диний чекловларсиз бундай дориларни буюриш имконини беради.
Aввалроқ, 2024 йилда “Geropharm” Россияда ўзининг инсулин линияси учун ҳалол сертификатини олган биринчи фармацевтика компанияси бўлди. Ўша пайтда компания ўзининг замонавий инсулинлари ҳайвонлардан эмас, балки микроорганизмлар ёрдамида синтез қилинишини эълон қилди, бу эса чўчқа инсулинининг тарихий қўлланилиши билан боғлиқ диний чекловларни бартараф этади.
Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси назорати остида фаолият юритувчи Халқаро ҳалол стандартлаштириш ва сертификатлаштириш Маркази Россияда маҳсулотнинг Ислом меъёрларига мувофиқлигини сертификатлайдиган ягона ваколатли орган саналади.
И.Аҳмедов тайёрлади.