Гуноҳлардан тийилмаган оқилмас
Кимнинг хурсандчилиги узун бўлса, ойлари қисқа бўлади.
Изоҳ: Шод-хуррамлик тез, қайғу-ҳасрат секин ўтади. Нима учун? Хурсандчиликнинг муддати оз, қайғунинг умри узун бўлгани учунми?! Ҳақиқатан ҳам бу дунёдаги қувончлар саёз бир кўлмакка, қайғулар тубсиз бир денгизга ўхшайди. Омадингиз келиб, қанча сурурга тўлманг, хурсандчилигингиз узоққа бормайди, кўлмак лойқаланиб, беҳузур қилади, шодликдан кўнглингиз айнийди.
Қайғунинг табиати бошқа. Унинг тубсизлиги сизни домига чорлайди. Шўнғиганингиз сайин янада чуқурроқ ичкарига киришни истайсиз. Бу тубсиз денгиз қаъридаги олам сизни асир қилади, қайтиш хаёлингизга ҳам келмайди. Шунинг учун айтишади, инсон хурсандчилик кунларида эмас, ғам-қайғуга ботганида кўпроқ тавба нелигини англайди. Бир куни Ибн Мутиъ ҳовлисига назар солиб, унинг гўзаллигидан ҳайратга тушди, кейин деди: “Аллоҳга қасамки, агар ўлим бўлмаганида, сени кўриб шодланар эдим. Агар қопқоронғи, тор қабрларга қайтиш бўлмаганида, дунё билан кўзларимиз қувонар эди”.
Хурсандчилик, ўйин-кулгининг умри биз ўйлаганимиздан ҳам қисқа эканига ушбу оят далилдир: “Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйинкулгидир. Агар билсалар, охират диёригина (мангу) ҳаёт (диёридир) (Анкабут сураси, 64-оят).
Киши зариф – фаҳми ўткир бўлиши би лан бирга гуноҳлардан тийилувчи ҳам бўлсин.
Изоҳ. Ким нозик фаҳм, закийлик билан сифатланган экан, Аллоҳ таоло унга катта имконият берибди. Энди у бу имкониятни буюрилганидек амалга айлантириши керак. Очиқ-ойдин, каттаю кичик гуноҳлардан тийилиш учун ўта заковатли бўлиш шарт эмас. Аммо зариф инсоннинг нозик фаҳми кўплар бепарво ўтказиб юборадиган шубҳаларнинг зарарини илғайди. Шунинг учун у нафақат катта-кичик гуноҳлардан, балки шубҳали нарсалардан ҳам ўзини узоқ тутади.
Кимнинг дўсти билан “борди-келди” си бор экан, душмани унинг олдида хордир.
Изоҳ: Агар Қуръон ўқиб, унга амал қилсак, бу бизнинг Аллоҳ таоло билан дўстлигимизга далил. Агар бутун умр Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиб яшасак, олган ҳар нафасимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўртамиздаги дўстликка гувоҳдир. Аллоҳ билан Расулининг дўстлигини топган инсон қаршисига ким ҳам чиқа оларди?! Агар Аллоҳ билан Расулининг дўстлигини топган инсон сизнинг дўстингизга айланса, лоақал битта шундай дўстингиз бўлса, душманлар мингта бўлсин, олдингизда хордир.
Кимни насаби ўтирғизса, одоби уни турғизади.
Изоҳ: Насл-насаби машҳур бўлмаган кишини одоби элга танитади, балки чиройли хулқи унинг насабига айланади. Бундай насаб касб этган инсоннинг даражасига нене насл-насабли зотлар ҳавас қилмайди! Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтадилар: “Мўминлар ичида иймони энг мукаммали хулқи энг чиройлиларидир”. Яна дейдилар: “Сизларнинг менга энг суюклиларингиз ва Қиёмат кунида менга энг яқин бўладиганларингиз ахлоқи энг чиройлиларингиздир”. Демак, насл-насаб билан танилишдан кўра одоб билан танилишнинг мартабаси улуғ. Чунки одоб-ахлоқ иймоннинг мукаммаллигини белгилайди.
Муҳаммад ибн Омир ШИБРАВИЙ
Рашид ЗОҲИД таржимаси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws