Бас қил, эй нафс!
Инсон ҳаётда икки асосий душман – нафс ва шайтон билан курашади. Иккиси ҳам пайт пойлайди, бири қўйиб, бошқаси “иймон қасри”ни вайрон этишга, Аллоҳнинг чегараларини бузишга уринади. Шайтонга қарши мўминнинг қиладиган амаллари ҳам, нафс қутқуларига қарши муолажаси ҳам динимизда баён этилган.
Фотиҳ Думан қаламига мансуб “Мен” китоби нафсга қарши курашишни, “Бас қил, эй нафс!” дейишни ўргатади.
Асарда муаллиф инсон ва нафснинг аёвсиз курашини очиб берган. Воқеа Истанбулда оддий бир инсоннинг китоб сотиб олиши билан бошланади. Нафс тилидан қилинган ҳикоя ўқувчини мушоҳадага чорлайди. Ўзимизга асло бериб кўрмаган саволларга жавоб излашга чақиради: “Менга доим нима қилишимни айтиб турган нафсимнинг овозими?”, “У мени хайрли ишлардан қайтариб, гуноҳга бошламоқдами?”, “Аллоҳдан узоқлаштириб, дунёга майлимни орттираётган ҳам ўша аммора нафсми?..” Саволларнинг кети кўринмайди. Кейин эса нафс ўзи ва Бурсада қозилик қилган Азиз Маҳмуд Худоий ўртасида бўлиб ўтган омонсиз курашни сўзлаб беради. Аслида Кўчҳисорда туғилган Маҳмуд Файзуллоҳ ўғли илм олиш учун Савриҳисорга боради. Кейин эса Истанбулга келиб, “Аё София” масжидининг мадрасасида яшаб, билимларини оширади. У ерда устозларидан бири – Назирзода Рамазон афанди билан Маҳмуд ўртасида устоз-шогирдлик риштаси боғланади.
Қай ўринда нафс туғён қилади, буни нима асосда амалга оширади? Инсон шундай ҳолатда нима қилиши лозим? Китобни ўқиб, шуларни билиб олиш мумкин. Қаҳрамоннинг ҳам олган билими, ҳам руҳий тарбияси, қолаверса, устозининг доимий назорати нафсини оғир аҳволга солиб қўяди. Бироқ шайтон каби нафс ҳам ҳар он, ҳар дақиқа пайт пойлайди. Инсон ва нафс ўртасидаги кураш фақат жон танани тарк этгандагина тўхташи мумкин. Бу курашни якунлашнинг йўли – нафси амморани нафси розияга айлантириш.
Авлиёларнинг каромати Маҳмудни тафаккурга бошлайди. Кароматнинг моҳиятини тафаккур қилган қозининг қалбига авлиё бўлиш иштиёқи тушади. Бунинг учун устоз Уфтода ҳазратлари ҳузурига боради. Уфтода ҳазратларининг берган илк топшириғи – Бурса кўчаларида қимматбаҳо кийимлари билан жигар сотиш… Маҳмуднинг қалбига солган нафс қутқулари ҳақида ўқирканмиз, кўпинча қалбимизда пайдо бўладиган иштибоҳлар кўз олдимизга келади.
Асарнинг аҳамиятли жиҳати шуки, китобни бирга ўқиган икки дўстнинг бошидан ўтказган воқеалар тафсилоти асносида “Нафсни қандай тарбия қилиш керак? Аслида нафсимиз бизни бошқаряптими?” деган саволни ўзларига бериб, унга жавоб излашга киришади…
Маҳмуд афанди эса устозидан олган таълими, нафсини қийнаши асносида унинг тизгинларини қўлга ола бошлайди. Яъни, биз ҳам аммора нафснинг истакларига қулоқ тутмай, уни қийнашга киришсак, вақт ўтиши билан унинг рози бўлган нафсга айланишини асар орқали ўрганамиз.
Ҳазрат Уфтоданинг шогирдларига насиҳатларидан: «Дунёда нима қилаётган бўлсанг, билки, бу иш ё Аллоҳ учун, ё нафсинг учун бўлади. “Мен ким учун амал қиляпман?” деб яхшилаб ўйлаб, амалларингни ақл тарозусида тортиб кўр. Зеро, Аллоҳ учун қилган ишингнинг охири яхшиликдир, нафс учун қилганинг эса фалокатдир…»
Муҳаббат ХОЛМИРЗАЕВА,
Марҳамат туманидаги 10-ўрта мактаб ўқитувчиси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws