Вьетнам ҳалол туризмни ривожлантирмоқда
Вьетнам ҳукумати мамлакатга келувчи мусулмон сайёҳлар сонини ошириш мақсадида ҳалол туризмни ривожлантириш бўйича кенг қамровли стратегияни амалга оширишга киришди.
“Вьетнам – янги ҳалол туризм манзили” мавзусида ўтказилган конференцияда мамлакатнинг бой маданий мероси, гўзал табиати, машҳур миллий таомлари ҳамда қулай географик жойлашуви ушбу соҳани ривожлантириш учун муҳим омил экани таъкидланди.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда Вьетнамга ташриф буюрган 21 миллион хорижий сайёҳнинг 600 мингдан ортиғини мусулмонлар ташкил этган.
Ҳукумат ҳалол туризмни жаҳонда энг тез ривожланаётган йўналишлардан бири сифатида баҳолаб, Малайзия, Индонезия, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Саудия Арабистони ва Қувайтдан келувчи сайёҳларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Шунингдек, мамлакат ҳалол сертификатига эга озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш, туризм инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда соҳа мутахассисларини тайёрлаш орқали жаҳон ҳалол иқтисодиётидаги ўрнини мустаҳкамлашни кўзламоқда.
И.Аҳмедов