Кексалар дуосин олган кам бўлмас
“Мунаввар момо оламдан ўтибди…” деган хабар бутун Қорақишлоқни тутди.
Дангал, чўрткесар, лекин тирноққа зор бу аёлнинг умр йўлдоши Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Шерқул бобо анча йиллар олдин вафот этган. Узоқда яшайдиган қариндошларининг кўчиб келинг, деган таклифига “Чолимнинг чироғини ёқиб ўтираман”, дея рад жавобини берди момо. Кампир феъли сабабли ҳайҳотдек ҳовлида ёлғиз қолди. Қишлоқ аҳли унинг иссиқ-совуғидан хабар олиб турар, аммо ҳеч ким бизникида яшанг, дейишга ботинолмас эди.
Бошбек ҳожи – кайвони, ҳаммага сўзи ўтадиган, адолатли одам – бу ҳолатга бефарқ қарай олмади. Бир куни у Мунаввар момонинг ҳолидан хабар олгани борди. Унинг кўзларидаги умидсизлик ва айни пайтдаги ғурур Бошбек ҳожининг қалбини ларзага солди. У ўғилларидан бири Акромжонга юзланди: “Ўғлим, Мунаввар момо бегона бўлса ҳам, бизга ҳамқишлоқ. Унинг ҳеч кими йўқ. Момони олиб келиб, ўз онангдек қарайсан. Бу Аллоҳнинг синови, шу орқали савоб топамиз”, деди.
Акромжон ва Нигора келин отасининг сўзини икки қилмади. Улар Мунаввар момони уйларига олиб келишди. Дастлаб кўникишлари қийин кечди. Онахоннинг баъзи инжиқликларига сабр қилиш, гапларини диққат билан эшитиш, унинг кўнглини олиш ёш оила учун катта синов бўлди. Аммо Акромжон ва Нигора “Ота рози – Худо рози”, деб отасининг гапини ерда қолдирмади.
Кунлар ортидан ойлар, йиллар ўтди. Эр-хотин 17 йил Мунаввар момони оқ ювиб, оқ таради. Бу орада Бошбек ҳожи ҳам вафот этди. Кўпчилик энди Акромжон ва Нигора кампирни ташлаб қўяди, деб ўйлади. Аммо улар Мунаввар момони меҳр билан парвариш қилдилар. Момо Акромжон ва Нигорани кўп дуо қилди. Кампирнинг илтижолари туфайли оиладан тўкин-сочинлик ва барака аримасди.
Қишлоқ аҳли орасида тарқалган “Кампирнинг ери, уч-тўрт моли шуларга қоляпти. Улар бекорга қарашмади”, деган гаплар ҳам секин-аста барҳам топди.
Момо 87 ёшида вафот этди. Бутун қишлоқ уни сўнгги йўлга кузатди. Акромжон ва Нигоранинг юзларида ғам аломатлари билан бирга ўз бурчини адо этган кишиларга хос сокинлик ҳам бор эди.
Дунёга келтириб, оқ ювиб, оқ тараб улғайтириб, уйли-жойли қилган ота-онасига қарамайдиган айрим фарзандлар, қайнонасининг хизматидан ор қиладиган келинлар кўпаяётган бу замонда Акромжон ва Нигоранинг бегона кампирга самимий илтифоти ибрат олишга арзигуликдир. Улар нафақат меҳр, балки инсонийликнинг асл моҳиятини кўрсатиб, намуна бўлишди. Улар учун энг катта бойлик Мунаввар момонинг дуоси ва Аллоҳнинг розилиги эди…
Комил ТУРОНОВ
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws