ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ХАЛҚАРО ФОРУМ ДУНЁ МАТБУОТИ НИГОҲИДА
✅Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида 50 дан ортиқ мамлакатдан 300 га яқин нуфузли уламолар, муфтийлар ва исломшунос олимлар иштирокида ўтказилган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми жаҳон ОАВлари ва йирик диний марказлар диққат марказида бўлди. Халқаро нашрлар ушбу анжуманни Ўзбекистоннинг бой диний-маърифий салоҳиятини намойиш этган тарихий воқелик сифатида кенг эътироф этмоқда.
⏺Қуйида хорижий ОАВ ва расмий платформаларнинг айримларининг қисқача шарҳини тақдим этамиз:
?Саудия Арабистони манбалари («Haramain Archive»): Саудия Арабистони “Масжид ал-Ҳаром” бош имоми шайх Солиҳ ибн Ҳумайднинг Ўзбекистонга ташрифи, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилгани ва халқаро анжумандаги иштироки кенг ёритилди. Ташриф давомида юксак одоб ва соф эътиқод намунасини кўрсатган шайх ҳадис илмининг султони бўлмиш буюк аждодимиз меросига юксак эҳтиром билдирди. У «Ал-Жомеʼ ас-Саҳиҳ» муаллифининг ҳаёти ёшлар учун илм ва собит ирода намунаси эканини ҳамда бу каби маърифий анжуманлар дунёда бағрикенгликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
? Миср Фатво уйи («Дорул ифто» / egyptdaralifta): Бош муфтий, профессор Назир Муҳаммад Иёднинг форумдаги нутқларига таяниб, Ўзбекистоннинг ислом илм-фани ривожидаги ўрнини юқори баҳолади. Айниқса, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий мероси соғлом тафаккурни шакллантириш ҳамда экстремизмга қарши курашишда дунё учун бебаҳо дастуриламал экани алоҳида қайд этилди.
? Иордания ОАВ (“Petra” давлат ахборот агентлиги / petranews): Иордания Олий муфтийси, доктор Аҳмад ал-Ҳасанатнинг форумдаги нутқига таяниб, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази илм-фан ва маърифат мажмуаси эканини таъкидлади. Айниқса, диёримиздан етишиб чиққан буюк олимлар — Имом ал-Бухорий, Имом ал-Мотуридий, ал-Хоразмий ва Ибн Синоларнинг ислом илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси юқори баҳоланди. Шунингдек, Иордания Фатво ишлари бошқармаси ва Ўзбекистон Фатво маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолангани алоҳида қайд этилди.
? «islamsng.com» портали (Россия): Форум доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин холиқназар ҳазратларининг Иордания бош муфтийси билан фатво ва таълим соҳасидаги келишувларини ҳамда анжуман якунида қабул қилинган 10 та глобал ташаббусни кенг ёритди. Шунингдек, Россия муфтийси Равил Гайнутдиннинг анжуман иштирокчиларига йўллаган қутлов матни эълон қилинди.
? «peterburg-news.ru» нашри: Мазкур тадбирни «Ислом дунёсини бирлаштираётган ва кун тартибини ўзгартираётган форум» деб атади ҳамда Тошкент шаҳри исломофобияга қарши маърифат билан курашувчи халқаро гуманитар дипломатия марказига айланаётганини эътироф этди.
? «islam-news» сайти: Анжуманнинг кенг кўламли географиясига тўхталиб, Кавказ мусулмонлари идораси раиси ва ТУРКСОЙ бош котиби каби нуфузли меҳмонларнинг диний бағрикенглик ва халқаро ҳамкорлик борасидаги ижобий фикрларини баҳам кўрди.
?«milliard.tatar» портали (Татаристон): Бухоро диний мактаблари ва татар уламолари ўртасидаги кўп асрлик илмий ворислик анъаналарига ҳамда форум доирасида «Саҳиҳи Бухорий» меросини асраш бўйича ўтказилган муҳокамаларга алоҳида репортаж бағишлади.
?Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, халқаро ҳамжамиятнинг якдил эътирофига кўра, ушбу нуфузли форум Ўзбекистоннинг нафақат улуғ алломалар юрти, балки бугунги кунда ҳам Ислом оламида тинчлик, мўътадиллик ва бағрикенглик ғояларини тарғиб қилувчи энг асосий маърифий марказлардан бири эканини ёққол кўрсатди.
✅ Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати