Ҳиро маданий мажмуаси зиёратчилар учун маърифат масканига айланмоқда
Ёзги таътил бошланиши билан Макка шаҳридаги Ҳиро маданий мажмуасига Саудия Арабистони ва турли мамлакатлардан келаётган зиёратчилар оқими янада кўпайди. Нур тоғи ён бағирларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил бўлган Ҳиро ғори яқинида барпо этилган мазкур мажмуа зиёратчиларга ислом тарихини замонавий усулда танитишга хизмат қилмоқда.
Мажмуанинг энг диққатга сазовор жойи – “Ваҳий” кўргазмасидир. Унда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил бўлган онлар, ислом даъватининг бошланиши ҳамда Ҳиро ғорининг тарихи аудио-визуал ва интерактив технологиялар ёрдамида таъсирчан тарзда намойиш этилади.
Ҳиро маданий мажмуасида Қуръони карим музейи ҳам фаолият юритади.
У ерда нодир мусҳафлар, қадимий қўлёзмалар, араб хаттотлиги ва исломий нақш санъатига оид ноёб намуналар жамланган. Экспозициялар орқали Қуръони каримнинг ёзилиши тарихи ва мусулмонларнинг уни асраб-авайлаш йўлидаги хизматлари ёритиб берилади.
Зиёратчилар учун ресторанлар, қаҳвахоналар, дўконлар, кўнгилочар масканлар ва замонавий хизмат кўрсатиш инфратузилмаси ҳам яратилган. Бу эса мажмуани нафақат зиёрат, балки маърифат ва маданий ҳордиқ учун ҳам жозибадор манзилга айлантирган.
Саудия Арабистонида “Нигоҳ–2030” дастури доирасида амалга оширилган ушбу лойиҳа Макканинг бой исломий меросини замонавий шаклда намоён этиш, зиёратчиларнинг маънавий ва маърифий таассуротларини бойитиш ҳамда шаҳарнинг жаҳон маданий марказларидан бири сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
И.Аҳмедов тайёрлади.