Илк сўроғимиз намоздан…
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг ичида ўғрилик жиҳатидан энг ёмонлари намозидан ўғирлайдиганидир”, деганлар. Абу Қатода розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, намозидан қандай қилиб ўғрилик қилади?” деб сўраганларида у зот: “(Ўша ўғри) рукусини ҳам, саждасини ҳам, хузу ва хушусини ҳам тўлиқ қилмайди”, деб жавоб берганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблар билан намоз ўқиётганларида бир киши масжидга кириб намоз ўқий бошлади ва руку, саждаларини товуқ дон чўқиганидек тез-тез қилди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Мана буни кўряпсизми? Ким мана шу ҳолатда намозини худди қарға дон чўқиётганидек ўқиб ўлса, Муҳаммаднинг миллатидан бўлмайди”, дедилар.
Динимизда намозни бирор важ юзасидан енгил ўқиш маҳбуб амаллар сирасига киради. Инчунун, Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда бундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшаш енгил ва тугал намоз ўқийдиган имомнинг ортидан ҳеч намоз ўқиганим йўқ. У зот бувакнинг йиғисини эшитар ва унинг онаси фитнага учрамасин деб, намозини енгилла тар эдилар” (Бешовлари ривоят қилишган).
Бундан намозни чўзиб ҳам юбормасдан, шошмасдан пухта ва енгил ўқиш лозимлиги аён бўлади.
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам: “Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен фалончининг бизга (намозни) чўзиб юборганидан бомдод намозидан орқада қоламан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўша кунидек ғазабланганларини кўрмадим. У зот: “Албатта, сизларда нафрат қилдирувчилар бор. Қай бирингиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил ўқисин. Албатта, уларнинг ичида заифи, катта си ва ҳожатлиси бор. Қачон ўзи намоз ўқиса, хоҳлаганича чўзсин”, дедилар» (Бешовлари ривоят қилишган).
Демак, имом бошқаларни малоллантирадиган даражада намозни чўзиб юбориши ҳам ярамайди.
Шошиб намоз ўқиш эса номақбул иш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло банданинг руку ва саждаси комил бўлмаган намозига боқмайди” (Имом Аҳмад ривояти), деганлар. Яна бир ҳадисда эса: “Руку ва саждада белига ором бермаган кишининг намози қабул бўлмайди” (Абу Довуд ривояти), деб таълим берганлар.
Яъни руку ва саждани комил қилиб, саждада белига ором бермаган кишининг намозида хушу ҳам, хузу ҳам бўлмайди. Бу тартибда намоз ўқиган кишининг ташвиши ибодатдан имкон қадар тезроқ фориғ бўлишдир. Буни тақлид намоз деса ҳам бўлади: ота-онаси, ён-атрофдагилар намоз ўқигани учун уларга эргашиб ўқиб юраверади. Ибодат вақтида ўзини Раббисининг қаршисида тургандек ҳис қилмайди.
Шундай экан, намозга киришдикми, уни мукаммал, хушу билан адо этишга ҳаракат қилайлик.
Нурбек ЖАВЛОНОВ,
Яккабоғ тумани “Эски қўрғон” масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws
Таҳририятдан: Кузатувларга кўра, бугунги кунда баъзи масжидларимизда фарз намозларида сафни тўғрилаш, бўш ўринларни тўлдириш каби жамоат намозининг суннатларига беэътибор бўлинмоқда. Ҳатто орқа сафларда тарқоқ ҳолда ўқиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Шунингдек, амри маъруф ёки суннат намозлари вақтида овозни баландлатиб сўзлашиш, жой-ўринларни хослаб олиш каби бир қанча одобсизликлар кузатилмоқда. Шу боис имом-хатиб ва намозхонларимиздан жамоат намозларига эътиборли бўлишни сўраб қоламиз.