Ота-онага оқ бўлиш – надомат эшигидир
Аллоҳ таоло ота-онага итоат қилишни Ўзига ибодат қилишдан кейинги даражага қўйгани каби уларга оқ бўлишни Ўзига ширк келтиришдан кейинги ўринга қўйган. Бу борада бир қанча ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Ота-онага оқ бўлиш гуноҳи кабиралардан саналиб, унинг ҳаром иш эканлигига барча уламолар ижмо қилган. Бу иллат афсуслар бўлсинки, кейинги пайтларда оз бўлса-да учраб тургани кишини маҳзун қилади. Аслида ота-она фарзанд учун омонат. Уларнинг ҳурмати ва хизматини ўз вақтида қилиб, дуо ва ризоликларини олиб қолиш фарзандлик бурчидир.
Ҳакимлардан бири бундай насиҳат қилади:
“Ота-она худди икки кўз кабидир: бири ўнг, иккинчиси чап. Агар уларнинг биридан жудо бўлсанг, кўришинг хиралашади. Иккисини ҳам йўқотсанг, кўр бўлиб қоласан. Ўларни икки кўзингни сақлаганингдек авайла!”
Ота-онага ҳурмат кўрсатиш муҳим ишлардан бўлгани учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда бир қатор оятларни шу ҳақда нозил қилган. Жумладан, Исро сураси 23–24-оятларида бундай марҳамат қилади:
«Раббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишингни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва: “Раббим, улар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт…»
Мазкур оятларда учта ўгит бор: таъдиб – одоб бериш, таҳдид – огоҳлантириш, ваъид – қўрқитиш. Юқоридаги оятлардан хулоса шуки, Аллоҳ таоло фарзандни ота-онасига қиладиган муомаласини қаттиқ назоратга олади.
- Маблағ ва куч назорати: Фарзанд ота-онаси учун эҳсон қилиши, яъни ҳар қандай яхшиликни тақдим қилиши лозим. Бахиллик қилиш ярамайди. Бу ҳам назоратда.
- Тил назорати: Ўларни хафа қиладиган турли сўзларни айтиш ёки “уфф” дейиш ёхуд ҳақларига дуо қилмаслик мумкин эмас. Чунки бу ҳолатда унинг тили назоратда бўлади. Уламолар “уфф” сўзининг икки хил маъноси бор: бири, “сендан тўйдим”, иккинчиси, чарчоқ пайтидан енгил тортиш мақсадида айтиладиган сўз маъносида. Ҳар иккисидан ҳам қайтарилган, дейдилар. Жим, сукут қилиб туриш ҳам тўғри эмас. Ота-онага яхши сўз айтиш, шу билан бирга, уларнинг ҳақларига дуойи хайрда бўлиш лозим.
- Хатти-ҳаракат назорати: Уларга қўлини пахса қилиш мумкин эмас. Чунки қўл ҳам назоратда бўлади.
- Қалб назорати: Қалбда бирон ёмонликни ният қилиш ҳам мумкин эмас. Чунки қалб ҳам назоратда бўлади.
Баъзи одамлар ота-она ўз фарзандига “сени оқ қилдим” дейиши билан оқ бўлади деб ўйлайдилар. Аммо уламолар бу масала жуда ҳам нозик ва хатарли эканига урғу бериб, оқ бўлишнинг бундан бошқа кўп турлари борлигини айтадилар. Уларнинг энг катталари қуйидагилар:
ота-онани йиғлатиш, сўз ёки хатти-ҳаракат билан хафа қилиш, танқид қилиш, танбеҳ бериш, ҳақорат қилиш, калтаклаш, жонига қасд қилиш, овозини кўтариш, буйруқларига итоат қилмаслик (гуноҳ бўлмайдиган ўринларда), гапларига қулоқ осмаслик, менсимаслик, уларга қовоқ солиш, пешонани тириштириш, буйруқ бериш, уларнинг обрў-эътиборларини тўкиш, ота-онанинг эҳтиёжи бўлатуриб, фарзанднинг узоқ вақт ташқарида қолиб кетиши, уларнинг изнисиз сафар қилиш, ўлим тилаш, хизмат қилишга имкон бўлатуриб, уларни қариялар уйига жойлаштириш, бахиллик қилиш, миннат қилиш, она тайёрлаган таомни танқид қилиш, ота-онадан ўзгаларга шикоят қилиш, ота-онани исмларини айтиб чақириш, уларнинг ҳақларига тирик бўлсин, ўтган бўлсин, дуо қилмаслик ва ҳоказолар…
Ҳадиси шарифларда ота-онага оқ бўлишнинг зарарлари:
- Оқ бўлган инсон малъундир. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳнинг “Муснад” китобида келган ҳадиси шарифда: “Ота-онасига оқ бўлган кишига Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дейилган.
- Оқ бўлган инсон жаннатга кирмайди. Имом Насоий ва Имом Табаронийлар ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Ота-онасига оқ бўлган киши жаннатга кирмайди”, дейилган.
- Оқ бўлган фарзанд ҳаққига ота-онасининг қилган дуойи бади бешак мустажобдир. Имом Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳнинг “Сунан” китобида келтирилган ҳадиси шарифда: “Учта дуо шаксиз қабул бўлади: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси, отанинг фарзандига қилган дуойи бади”, дейилган.
- Оқ бўлган инсонга жазо тезлаштирилади. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳ таоло ҳар бир гуноҳдан хоҳлаганини (жазосини) қиёмат кунига кечиктиради. Ота-онага оқ бўлиш бундан мустаснодир. Зеро, Аллоҳ таоло унинг эгасига ўлимдан олдин, шу дунё ҳаётидаёқ (жазосини) тезлаштиради”, деганларини эшитдим» (Имом Табароний ривоят қилган).
- Оқ бўлган инсонда барака бўлмайди. Ҳакимлардан бири айтади: “Оқ бўлганга дўст бўлма! Чунки унда ҳеч қачон барака бўлмайди. У сендан кўра ҳаққи улуғроқ зотларга оқ бўлган, сенинг ҳаққингни билармиди?”
- Оқ бўлишнинг жамиятга зарари. Жамият ва оила моҳиятан бир-бири билан узвий боғлиқ. Чунки жамият оилалардан ташкил топади. Шу маънода, оилани ҳам кичик жамият дейиш мумкин. Ота-она ва фарзандлар ўртасидаги ришталари узилган ёки заиф бўлган жамиятлар эса таназзулга юз тутади.
Имом Хароитий “Ёмон хулқлар” китобида Aсмаий раҳматуллоҳи алайҳдан қуйидаги ҳикояни нақл қилади:
“Куннинг жазирама иссиғида бир навқирон йигит ёши кекса муйсафидга қудуқдан сув ташитарди. Йигитнинг қўлида қамчи, у билан муйсафидни урарди. Қариянинг баданида қамчи излари кўриниб турарди. Шунда мен йигитга дедим: – Бу заиф қария борасида Аллоҳдан қўрқмайсанми? Шунда йигит айтди: – Бу менинг отам. – Аллоҳ сенинг жазоингни берсин!.. Шунда суҳбатга қария аралашди: – Жим бўл, уни дуойи бад қилма! Чунки мен ҳам отамга шундай қилардим.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қандай муомала қилсанг, сенга ҳам шундай муомала қилинади”, деганлар. Ким ота-онасига яхшилик қилса, болаларидан ҳам яхшиликлар қайтади. Ким ота-онасига ёмонлик қилса, бу ҳам болаларидан қайтади.
Шу маънода олимлардан бири ажиб бир насиҳат қилган. Айтадики: “Ота-онага қилинган муомала сен ёзиб, фарзандларинг ўқиб берадиган китобдир. Шунинг учун бу китобни чиройли ёзгин”.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 7-сонидан