Умму Румон бинти Омир (Ойша розияллоҳу анҳонинг онаси)
Умму Румон бинти Омир – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яқин дўсти ва илк саҳобалардан бўлган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг завжасидир.
Умму Румон Арабистон яриморолидаги Сарот номли ҳудудда вояга етди. Одоб-ахлоқ ва фасоҳатда етук, маърифатли аёллардан эди. У Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан аввал қавмининг эътиборли йигитларидан Ҳорис ибн Сухайра Аздийга турмушга чиқиб, ундан Туфайл исмли ўғил кўрган.
Ҳорис ибн Сухайра оиласини олиб, Маккага кўчиб келди. У ерда уни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳимоясига олди. Бу воқеа Исломдан олдин эди.
Ҳорис вафот этгач, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Умму Румонни никоҳига олди. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдинги аёлидан Абдуллоҳ ва Асмо исмли фарзандлари бор эди. Умму Румондан Абдураҳмон ва Ойша розияллоҳу анҳумо туғилди.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилгач, Умму Румон ҳам илк муслималардан бири бўлди. Аллоҳнинг амри келгунига қадар буни сир сақлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр Сиддиқнинг уйига тез-тез ташриф буюрардилар. Умму Румон уларни самимий кутиб оларди.
Умму Румон Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан бирга Маккадаги Исломнинг яширин даврида оғир ва синовли кунларни бошидан ўтказди.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилганида, оиласи ва фарзандлари Маккада қолди. Эри бутун мол-мулкини Аллоҳ йўлида сарфлаб Мадинага кетгани учун Умму Румон бир муддат фақирликда яшади. Аммо кўп ўтмай, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам ўз аҳли ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг оиласини Маккадан Мадинага олиб келиш учун одам ёлладилар. Улар Мадинага йўл олар экан, Ойша розияллоҳу анҳо ва онаси минган туя тез юриб кетди. Умму Румон розияллоҳу анҳо қўрқиб:
“Во арусаҳ! Во ибнатаҳ!” (Вой тўйим! Вой қизим!) – деб нола қилди. Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Шунда менга кимдир:) “Жиловини бўш қўй!” дегандай бўлди. Мен шундай қилдим, туя тўхтади ”.
Ислом тарихида “Ифк” воқеаси номи билан машҳур Ойша розияллоҳу анҳога қилинган бўҳтон ҳодисасида Умму Румон ҳам синалди. Лекин Аллоҳ таоло Нур сурасидаги оятлари орқали Ойша розияллоҳу анҳонинг поклигини тасдиқлаб, бўҳтончиларни фош этди: “Албатта, (бу) бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлмиш бир тўда кимсалардир. Уни (бўҳтонни) сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламангиз, балки у сизлар учун яхшидир. Улардан (бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи орттирган гуноҳ (жазоси) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса (Абдуллоҳ ибн Убай) учун эса улкан жазо (жаҳаннам) бордир” (Нур сураси, 11-оят).
Умму Румон розияллоҳу анҳо ҳижратнинг 6 йили, зулҳижжа ойида, Мадинада вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қабрини қазишда иштирок этдилар ва дуо қилдилар: “Ким жаннат ҳурларини кўрмоқчи бўлса, Умму Румон (розияллоҳу анҳога) қарасин” (Ибн Саъд, “Табақот”, Aбу Нуъайм, “Маърифатус саҳоба”).
Аллоҳ таоло Умму Румон ва бошқа саҳобия розияллоҳу анҳуннадан рози бўлсин!
Муҳаммад ибн Ҳомиднинг “Солиҳалар ҳаётидан 150 қисса”сидан
Илёсхон АҲМЕДОВ таржима қилди.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 9-сонидан