Сўнгги пушаймон – ўзингга душман
Сурхондарё вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида гиёҳвандлик савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари кекса ёшдаги инсонлардан иборат экани аниқланди. Афғонистонлик таъминотчи билан тил бириктирган мазкур шахслар Термиз шаҳри ва атроф ҳудудларда гиёҳвандлик моддаларини тарқатишни тизимли равишда йўлга қўйишган. Бу фаолият пухта ўйланган жиноий режа воситачилик орқали амалга оширилган.
Хабарларда қайд этилишича, гумонланувчилардан наркотик моддалар, катта миқдордаги пул маблағлари мусодара қилинган. Бу ҳолат жиноят кўлами ва унинг қанчалик чуқур илдиз отганини яққол намоён этади.
Энг ачинарлиси, бу жиноятда ёши улуғ кишиларнинг иштирок этганидир. Чунки кексалик маънавий масъулият ҳам ҳисобланади. Бу ҳаётдан сабоқ чиқариш, тўғри йўл кўрсатиш давридир. Аммо бу ҳолатда тажриба ибратга эмас, балки жиноятга хизмат қилмоқда.
Нега бундай ҳолат юз берди? Барчасига нафсга қуллик сабаб. Йиллар давомида орттирилган обрў, оила ва эл-юрт олдидаги масъулият ўткинчи манфаат қурбонига айланди. Бу эса нафақат шаахсий фожиа, балки барча учун жиддий сабоқдир.
Гиёҳвандлик балоси ёш танламайди. Аммо бу ҳолат унинг янги босқичга ўтганини кўрсатади: у энди тажрибали, ҳаётни кўрган қатламни ҳам қамраб олмоқда. Бу эса миллат саломатлиги, оила барқарорлиги ва келажак учун катта хавфдир.
Шу боис, бу муаммога қарши курашни фақат ҳуқуқий чоралар билан чеклаш етарли эмас. Жазо оқибатни бартараф этиши мумкин, аммо сабабни эмас. Асл ечим маънавий тарбиядадир.
Оила, маҳалла ва таълим муассасаларида ҳалоллик, масъулият ва соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш бу каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Чунки тарбия сусайган жойда жиноятга йўл очилади.
Исломда инсон ўз амаллари учун жавобгар экани алоҳида таъкидланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: “Зийрак киши нафсини ҳисоб-китоб қилиб, ўлимдан кейинги ҳаёт учун амал қилади. Ожиз киши эса нафсига эргашиб, қуруқ орзулар билан чекланади”(Имом Термизий ривояти). Бу насиҳат ҳар бир инсонни, айниқса, ҳаёт тажрибасига эга бўлган кекса авлод вакилларини доимий ўз-ўзини назорат қилишга чорлайди. Юқоридаги ҳолат барчамиз учун жиддий огоҳлантиришдир. Агар бугун хулоса чиқармасак, эртага мазкур иллат янаям чуқур илдиз отиши мумкин.
Абдулазиз АЗИЗОВ
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 9-сонидан