Аслида ким ожиз?
Ҳар бир кунимиз – синов. Ҳар бир нафасимиз бир имконият. Танамиз соғ, кўзларимиз кўриб, қулоқларимиз эшитиб, юра оляпмизми, демак, бахтлимиз. Лекин орамизда шунча неъматлар ичра яшаса-да, ҳаётдан нолиб, ўз ўрнини топа олмаётган, вақтини телефон ва кўнгилхушлик билан совураётганлар ҳам йўқ эмас. Аммо орамизда жисмоний имкониятлари чекланган бўлса-да, қалби, ақли ва иродаси билан барчага намуна бўлаётганлар бор. Ана шундай ёшлардан бири – олтиариқлик Жаҳонгир Исоқовдир.
У туғилганида соппа-соғ эди. Аммо ёшлигида шамоллашнинг оғир асоратлари билан шифохонага етади. Шифокорлар уни даволашга уринишди. Бир қанча вақт ҳаёти хавф остида қолди ҳам. Ота-онаси ундан умидини ҳам узишганди. Бироқ Аллоҳ таоло унга яшаш бахтини муяссар этди. Лекин нотўғри муолажа туфайли у юришдан маҳрум бўлди. Ўзи бу ҳақда бундай дейди:
“Ҳаммаси менга берилган синов. Агар ўша шифокорнинг хатоси бўлмаганда, эҳтимол бу дунёда бўлмасмидим?! Аллоҳ билгувчи. Ҳамдлар бўлсин, ҳозир ҳаётман!”
Жаҳонгир ёшлигининг кўп вақтини касалхоналарда ўтказди. Ота-онаси ва яқинлари кўмагида вояга етди. 11 йиллик мактаб таълимини уй шароитида олди. Дўстлари ҳам деярли бўлмаган. Унинг овунчоғи бадиий китоблар, футбол ўйинлари томошаси ва турли хил кўрсатувлар эди. У бир қанча телебошловчиларга ҳавас қилиб, журналист бўлишни орзу қилди. Бу қизиқишлари уни журналистика сари етаклади.
Мактабни тамомлагач, олий даргоҳга ҳужжат топширди. Сўнгроқ не бахтки, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига алоҳида квота асосида давлат грантига қабул қилинди. Ўқишга кирганида яқинлари унинг саломатлигини ўйлаб, ўқиш ҳам, бу касб ҳам осон эмаслигини таъкидлашди. Ўзи танқидларга эмас, мақсадига ишониб ҳаракат қилишини айтди. У тўрт девор ичида қолмаслик, дунё юзини кўриш учун ҳаракат қилди. Керак бўлса, дарсларга ногиронлик аравачасида қатнади. Талабаликнинг илк йиллари яхши ўтди. Дўстлар орттирди, соҳа бўйича билимларини мустаҳкамлади. Бироқ доимий тиббий назоратда бўлиши кераклиги сабаб талабаликнинг учинчи босқичида ўқишни масофавий шаклда давом эттирди.
“Ўқишга киришдек энг тўғри қарорни қабул қилганимдан фахрланаман. Яхши дўстлар орттирдим, улар менга ҳар жабҳада ёрдам беришди. Малакали устозлардан билим олдим. Қўлларимни у қадар ишлата олмасам-да, бармоқларим билан клавиатурада ёзишни ўргандим. Ҳозир мақолалар ёзишни ўрганяпман. Ишонаманки, тўртинчи курсда яна дўстларим даврасига ва дарсларга қайтаман!”
Жаҳонгир келгусида магистратурада ўқишни ва спорт журналистик асосларини ташкил этишни ният қилган. У ўн-атрофдагиларга ҳар қандай мусибат ёки дард келса-да, Аллоҳни унутмасликни, синовлар ўткинчи эканини, аксинча, ато этилган бошқа неъматлардан унумли фойдаланиш кераклигини таъкидлайди.
Йўлдош Нафасов,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 3-курс талабаси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 7-сонидан