Австралия қишлоғидаги энг йирик масжид очилади
Австралиянинг Янги Жанубий Уэльс штатидаги Янг (Young) шаҳрида қурилган янги Умар ибн Хаттоб масжиди 2026 йил 14 август куни расман очилади.
Мазкур иншоот Австралия қишлоқ ҳудудларидаги энг йирик исломий марказлардан бири саналади.
Масжид қурилиши ғояси 2017 йилда пайдо бўлган бўлса, бу бўйича амалий ишлар 2023 йилда бошланди. Қурилиш маҳаллий мусулмонлар ҳамда кўнгилли шахсларнинг кенг кўламдаги моддий кўмаги билан амалга оширилди. Жумладан, Сиднейда ўтказилган хайрия кечасида 350 минг Австралия долларидан ортиқ маблағ йиғилди.
500 квадрат метр майдонга эга бўлган янги масжид бир вақтнинг ўзида 1000 нафардан зиёд намозхонни қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, бу аввалги масжиддан тўрт баравар каттадир.
Масжид нафақат ибодат маскани, балки диний-маърифий ва ижтимоий марказ сифатида ҳам фаолият юритади. Бу ерда хайрия тариқасида таом тарқатиш, озиқ-овқат банкларини қўллаб-қувватлаш, Исломни таништириш тадбирлари ва ёшлар учун турли дастурлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, ушбу масжид Австралия қишлоқ ҳудудларида Исломни танитиш ва мусулмонлар бирдамлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Расмий очилиш маросимида мамлакатнинг турли ҳудудларидан кўплаб меҳмонлар ташриф буютиши кутилмоқда.
“Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи матбуот хизмати