“Озгина қўшинг…”
Кўпинча устага ёки бирор хизматга ишимиз тушса, олдин бир нархга келишамиз. Иш битгач эса баъзи усталарнинг: “Униси-буниси чиқди. Озгина қўшиб беринг” деган сўзларига дуч келамиз. Баъзида савдо жараёнида ҳам келишиб, пул беришга келганда усталарнинг устама сўрашлари кузатилади.
“Озгина” деган сўз оддийдек кўринса-да, аммо унинг ортида олдиндан айтилмаган шарт, ўз манфаатини устун қўйишдек маънолар яширин. Бу ерда “озгина” ёки “кўп”нинг фарқи йўқ. Босим остида айтилган “майли” сўзи ҳақиқий розилик эмас, балки мажбурият. Ноҳақ ҳар бир нарса ҳаромдир. Шундай экан, “озгина қўшиб беринг” деган сўз баъзан оддий илтимос эмас, балки ишончга тушган соя бўлади.
Бунга одатланиш ишончни емиради, инсонни ҳаромга яқинлаштиради. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай огоҳлантиради: “Мол-мулкларингизни ноҳақ йўл билан еманглар…” (Бақара сураси, 188-оят), “Аҳдга вафо қилинглар! Албатта, аҳд ҳақида сўраладилар”(Исро сураси, 34-оят).
Қуръони каримда Шуайб алайҳиссалом ҳақидаги қиссаларда бундай оятлар келади: “Эй қавмим, ўлчаш ва тортишни адолат ила мукаммал қилинг. Одамларнинг нарсаларини камайтириб қолманг ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрманг” (Ҳуд сураси, 85-оят).
Мазкур оятлар билан Аллоҳ таоло бутун мусулмонларни огоҳлантириб, нарсаларни ўлчашда, тортишда вафо ила адолатни тўлиқ қилишга ва ҳамма нарсада ўзгаларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликка буюрмоқда.
Ислом таълимотига кўра, мўмин киши касбига, ҳалол ризққа доир барча илмни билиши фарз. Шунингдек, ҳар бир иш очиқ-ойдин, икки томон розилиги билан бўлиши зарур.
Шундай экан, бирор юмуш билан икки томон ўзаро келишаётганида шартларни аниқ, ҳар қандай майда ва эҳтимолли жиҳатларини ҳам ҳисобга олишлари ҳамда бу келишувга вафо қилишлари мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло барчамизни ҳалол ризқ топувчи, аҳдга вафодор ва виждони пок бандаларидан қилсин! Жаъфархон СЎФИЕВ,
Тўрақўрғон туманидаги “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws