Ким молини ноҳақ олса…
Абу Саид розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар учун энг қўрқадиганим – Аллоҳ сизларга ердан баракаларни мўлкўл чиқаришидир”, дедилар. “Ернинг баракалари нима?” дейишди. “Дунёнинг ҳашами”, дедилар. Бир киши у зотга: “Яхшилик ҳам ёмонлик олиб келадими?” деди. Набий алайҳиссалом индамадилар. Ҳатто биз у зотга ваҳий келяпти, деб ўйладик. Кейин пешоналарини артатуриб: “Савол берган қани?” дедилар. У: “Мен”, деб қаддини ростлаган эди, (саволи учун) унга таҳсин айтдик. У зот бундай дедилар: “Яхшилик фақат яхшилик келтиради. Албатта, бу мол-дунё барра ва тотлидир. Баҳорда унган ҳамма нарса (жонивор уни) еган сари қоринни шишириб ўлдиради ёки шунга сал қолади. Фақат ўт еб, қоринлари қаппайгач, офтобда тобланади, кавшанади ва ичи кетиб, бавл қилади, кейин яна еяверади. Албатта, бу мол-дунё тотлидир. Ким уни ҳақли равишда олса ва ҳақли ўринга қўйса, у қандай яхши ёрдамчи! Ким уни ноҳақ олса, еб-тўймасдир”» (Имом Бухорий ривояти).
“Ернинг баракаси” дунёнинг ҳашамидир. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари шундай шарҳлаганлар.
“Яхшилик ҳам ёмонлик олиб келадими?” Дунёнинг ҳашами, яъни кенг ризқ яхшилик саналади. Аллоҳ таоло Одиёт сураси 8-оятида: “Албатта, у мол-дунёга ҳаддан ташқари ўчдир”, деган. Ушбу оятдаги “мол-дунё” лафзи арабча »خير», яъни “яхшилик” сўзи билан ифодаланган.
«“Савол берган қани?” дедилар. У: “Мен”, деб қаддини ростлади». Савол берган одам кимлигини яширмади. Чунки Набий алайҳиссаломнинг сукут сақлашлари, пешона терларини артишларини кўрган айримлар: “Савол берган мен бўламан” дейишдан чўчиб, ўзини танитмаслиги мумкин эди.
“Яхшилик фақат яхшилик келтиради”. Имом Дорақутний ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ушбу гапни уч бор такрорлаганлар. Имом Ҳилолнинг ривоятида: “Яхшилик ёмонлик келтирмайди”, деганлар. Демак, кенг ризқ яхшилик турига киради.
Аллоҳ таоло яхши деб тақдир қилган нарса ёмон бўлмайди. Лекин яхшилик насиб бўлган кишига тасарруфи туфайли ёмонлик етиши эҳтимоли бор. Яъни молни ҳақли ўринларга бермасдан, бахиллик қилинса, шариат буюрмаган амалларга сарфланса, исрофгарчиликка йўл қўйилса, ёмонликка сабаб бўлади.
Саид ибн Мақбарий Саид ибн Мансурдан ривоят қилган мурсал ҳадисда: “У яхшиликми?” саволи уч бор такрорланган. Аслида мол-дунё ҳақли ўринларга инфоқ этилганда яхшилик келтиради.
“Албатта, бу мол-дунё барра ва тотлидир”. Ушбу жумла зарбулмасалдир. Чунки “барра ва тотли” мол-дунёнинг сифати эмас, балки дунё ҳашамни ўзида жамлагани учун ўхшатиш қилинган. “Мол-дунё” дейилганда дунё назарда тутилмоқда. Чунки мол-дунё зийнат. Қуръони каримда: “Мол-мулк, бола-чақа дунё ҳаёти зийнатидир” (Каҳф сураси, 46- оят), дейилган.
“Баҳорда унган ҳамма нарса (жонивор уни) еган сари қорнини шишириб ўлдиради ёки шунга сал қолади. Фақат ўт еб, қоринлари қаппайгач, офтобда тобланади, кавшанади ва ичи кетиб, бавл қилади, кейин яна еяверади”. Жонивор ерда унган барча нарсани емайди. Агар шундай қилса, эҳтимол бирор нарсани еб қўйиб, ўлиб қолади. Шунинг учун фақат ўт ейдиган ҳайвон фойда олади. У ўт егани сари қорни қаппаяди. Кейин офтобда тобланади. Унинг қорни баҳорда униб чиққан ҳар бир нарсадан эмас, балки ўтдан қаппаяди. Аллоҳнинг изни билан кавшаниши туфайли овқат ҳазми енгиллашади. Кейин “Ичи кетиб, бавл қилади”, яъни ўзидан зарарни чиқариб, фойда қисмини қолдиради. Сўнг қайта ўт еяверади. Шундай қилиб баҳор ойидан тўлиқ фойдаланади.
Лекин кўрган ҳар нарсасини еяверадиган ҳайвон ўзини ҳалокатга ташлайди. Яъни, қорни шишиб ўлади ёки шунга сал қолади.
“Албатта, бу молдунё тотлидир. Ким уни ҳақли равишда олса ва ҳақли ўринга қўйса, у қандай яхши ёрдамчи!” Мол-дунё ризқ манбаидир. Молни ноҳақдан олиб, ҳақсиз ерга ёки ҳақли олиб, ҳақсиз ерга сарфлаганнинг фойдаси йўқ. Уни ноҳақ олиб, ҳақсиз ерга ишлатишнинг эса зарари кўпроқ. Масалан, ходим вазифасини сидқидилдан бажариши билан бирга иш соатига ҳам тўлиқ риоя қилади. Шундан кейин пулини ҳақли олган ҳисобланади. Лекин у ҳақли топган молини ботил, ҳаром ишга сарфласа, бу – ҳақли равишда олиб, ноҳаққа сарфлаш саналади. Ноҳақ олинган молни эҳтимол масжид, йўл қуриш каби каттакатта ишларга сарфлаши мумкин. Лекин бунинг фойдаси йўқ. Чунки киши молни ҳақсиз олгани учун Аллоҳга осий бўлгандир. Энди у мол-мулкини бечораларга инфоқ-эҳсон қилиши ёки омманинг эҳтиёжига сарфлашининг фойдаси йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалол меҳнат қилиб, ҳаққа сарфлашни мақтаганлар. Ким молни ноҳақ олса, бора-бора еб-тўймасга айланади.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисдан қуйидаги манфаат борлигини таъкидлаган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларини молдунё фитнасидан огоҳлантириб, уни ўз ўрнига сарфлашни буюрган. Шунингдек, у зот ҳадисни мисоллар билан тушунтириб, молни ҳақ билан олиб, яхши ишларга сарфлашга қизиқтирганлар ва бахиллик қилишдан қайтарганлар.
Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws