Дўст танлашда адашмайлик
Укам ўртоғи Нозим билан бир маҳаллада, бир мактабда ўқиб катта бўлди. Улар қиёматлик дўст бўламиз, деб аҳдлашди. Иккиси ҳам тижоратчи бўлса-да, Нозим бу соҳада анча ўзиб кетди.
Укам бир куни дўконини сотди. Сабаби, ўртада туриб ўртоғига товар олиб берган ва анча пулга тушиб қолган экан. Бунинг устига ўша тижоратчининг шикоят-аризаси сабаб укамни қамаб қўйишди.
Бу воқеа оиламизга қаттиқ зарба бўлди. Ота-онам: “Ўзимиз пулингизни қилиб берамиз, даъво аризангизни қайтариб олинг”, деса ҳам, у: “Йўқ, олдин пулимни олиб келасизлар, кейин аризамни қайтариб оламан”, деди. Талаб қилинган пул катта маблағ бўлиб, уни топишга вақт керак эди. Ишим чет элда бўлса ҳам, бу ташвишни эшитибоқ, учиб келдим. Укамнинг ўртоқларига: “Нозимни топиб айтинглар, уйимни сотаман, укамга керак бўлган пулни берсин, уни чиқариб олайлик”, дедим. Аммо у ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилмасди. Ноилож уй ва машинамни сотдим. Биринчи суддаёқ уни суд залидан озод қилишди.
Болалигидан ўзим кўтариб катта қилганим учунми, унга меҳрим бошқача эди. Укам чиққач, у билан гаплашиб, вазиятни таҳлил қилдик. Гап орасида бошига иш тушганида дўстлари ўзларини олиб қочганини ҳам қистириб ўтдим. Укам уларнинг бошига кулфат келганида ёрдамлар қилганини айтди…
Орадан вақт ўтиб, барчаси унутилди. Укам ҳам дўстлари билан яна яқинлашиб кетди. Аммо Нозимнинг бир қанча муаммолари борлигини айтарди. У савдода катта пулга тушибди. Тижоратдаги шериклари берган товарларининг пулларини қисташаётган экан. Укам уни ёлғиз ташлаб қўймади, ёнида турди. Ҳатто Нозимнинг илтимоси билан яшаб турган уйини ўртага қўйиб, пулдан ёрдам бермоқчи бўлди. Биз унга вақтида кўмак бермаганини эслатдик. Лекин буни қарангки, Нозим онамнинг ёнига келиб, қандай кўндирган – билмадим, укам яшаб турган уйини 40.000 доллар эвазига уч ойда қайтариб бериш шарти билан “залог”га қўйибди.
Бу орада Нозим йўқолиб қолди. Муддат ўтгач, пул берган шахс укамни уйдан ҳайдаб чиқарди. Нозимнинг Дубайдалигини эшитиб, укам у ерга бориб дўстини топди. Бироқ Нозим укамнинг уйга қайтишини, ортидан, албатта, пул юборишини айтибди. Укам қайтганида ҳовлиси бузилган, дарвозаси ўрнига бошқаси қўйилган эди.
Укамга отамиз судда ютқазганини айтдим. Ота-онамиз бошқа уйга кўчишга мажбур бўлишди. Укам оиласи билан қайнонасиникида яшай бошлади…
Ҳа, ҳаёт қандай давом этишини вақт кўрсатади. Бировни чув туширган, гарчи ютган бўлиб кўринса-да, аслида мағлубдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талафот етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзига талафот етказади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, азизлар, аввало, дўст-шерик танлашда адашмайлик, бир марта хиёнатни кўрдикми, бошқа алданмайлик. Зеро, ҳадиси шарифда: “Мўмин бир тешикдан икки марта чақилмайди” (Имом Бухорий ривояти), дейилган.
Аллоҳ ҳаммамизга инсоф ва тавфиқ берсин!
Шаҳло ИМОМОВА
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 9-сонидан